Хорижий давлат гувоҳномасига эга одамларнинг автомобиль бошқариши тақиқланиши мумкин.
Мазкур ташаббус муаллифи Бюджет ва молиявий бозорлар бўйича Федерация Кенгаши аъзоси Аҳмат Салпагаров бўлди.
Лойиҳада таъкидланишича, бугунги кунда Москвада 30-40 фоиз такси ҳайдовчиларда хорижий давлат ҳайдовчилик гувоҳномалари мавжуд. Улар асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Беларусь фуқароларидир.
Қайд этилишича, хорижий давлат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари РФ ҳайдовчилик гувоҳномаси бор ҳайдовчилар иштирокидаги ЙТҲларга қараганда анча кўп. РФ ИИВ маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида чет давлат ҳайдовчилик гувоҳномаси бор ҳайдовчилар иштирокида 5040 та ЙТҲ содир бўлган.
Шу сабабдан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Федерал қонунга ўзгартириш киритиш таклиф қилинган. Тақиқ ҳар қандай хорижий давлат ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси билан автомобиль бошқаришни чеклайди.
Шунингдек, хорижий миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини РФ ҳайдовчилик гувоҳномаларига ўзгартиришдаги ўтиш даврини олти ой қилиб белгилаш таклиф қилинган.
Маълумот учун, бугунги кунда кўплаб ўзбекистонликлар Россияга машинада одам ташиб, ёки тўғридан-тўғри Россияда киракашлик қилиб тирикчилик қиляпти. Агарда мазкур қонун амалиётга жорий қилинса, кўплаб одамларнинг даромад манбаи тўхтаб қолади. Улар пул тўлаб, РФ гувоҳномасини олиш учун олти ой сарфлашлари керак бўлади.