Дмитрий Медведевнинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги россиялик сиёсатчилар ва сиёсатшуносларни энг кўп қизиқтирган саволлардан бири бўлиб турибди.
Россия қонунчилигига кўра, сайловлардан кейин ҳукумат таркиби янгиланади. Ана шу янгиланиш жараёнида амалдаги Бош вазир Дмитрий Медведевнинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги россиялик сиёсатчилар ва сиёсатшуносларини энг кўп қизиқтирган саволлардан бири бўлиб турибди. Бу тўғрида турлича тахминлар билдирилмоқда.
Znak.com сайтининг ўзининг юқори гуруҳлардаги манбаларига асосланиб ёзишича, сайловлардан кейин Россия Бош вазири лавозимини ҳозирги вақтда президент девони раҳбари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Антон Вайно эгаллаши мумкин.
Экспертларнинг фикрига кўра, Вайнонинг бошқарув усулидаги “қаттиққўллиги”, ишчанлиги унинг Медведевдан устун томонларидан ҳисобланади. Шунингдек, Вайнода катта сиёсий мавқега эришиш учун уринишлар кўзга ташланмайди. Яъни, Вайно “сиёсий мени”га эга бўлмаган “технократ” Бош вазир бўлади.
Медведев ўз лавозимидан кетганидан кейин Россиянинг Бирлашган Олий ва Конституцион судини бошқариши мумкин. Чунки, бундай гаплар бир неча йилдан бери айтилсада, Россия Конституцион судининг ҳозирги раиси Валерий Зорькин туфайли амалга ошмай келмоқда. Ҳамма унинг ўз ихтиёри билан кетишини кутмоқда. Жорий йилнинг феврал ойида Валерий Зорькин 75 ёшга тўлади ва у яна олти йиллик муддатга ўз номзодини қўйиши ҳам мумкин.
Медведевнинг Бирлашган суд раиси бўлиши ҳам ҳозирги лавозимидан юксакроқ баҳоланиши мумкин. Чунки, у амалда ҳокимият тармоқларидан бирининг раҳбарига айланади.