Халқаро нашрларда Туркия ва Россиянинг Су-24 самолёти учиш траекторияси ҳақидаги хариталари пайдо бўлди.
“Ҳалокат тўғрисида янги маълумотлар пайдо бўлиши билан, ҳар бир томон бир-бирини айблашни кучайтириб юборди” – дея хабар беради Mashable интернет нашри.
Анқара расмийларининг айтишича, Россиянинг учар объекти Туркия осмонларида пайдо бўлган чоғда, учувчиларга 5 дақиқа ичида 10 та огоҳлантирувчи хабарлар етказилган. Шундан сўнггина уларга нисбатан қарши чоралар қўлланилган. Россия Мудофаа расмийлари, ўз учувчиларининг ҳеч қандай огоҳлантирувчи чақириқларни қабул қилмаганини айтишмоқда.
Туркия тарқатган харитада Россия самолётининг Туркия жанубий йўлагидан чегарани бузиб кириши тасвирланган.
Қизил чизиқ Россия самолётининг учиш траекториясини, кўк чизиқ эса Туркиянинг давлат чегараларини билдиради.
Туркия бу харитани ҳавола этгандан кейин ҳам Россия ўзига тегишли ҳарбий самолётлар Туркия чегараларини кесиб ўтмаганини таъкидламоқда. Мудофаа идоралари намойиш этган харита бўйича, самолёт Туркия чегарасидан 4 км. наридан учиб ўтган. Хаританинг чап томонидаги бинафша рангли ёзув самолёт қулаб тушган жойга ишора қилмоқда.
“Гарчи АҚШ Президенти Барак Обама Туркия ўз чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини айтиб ўтган бўлса-да, Туркиянинг ҳалокат ҳақидаги талқини тўғри ёки нотўғрилиги тўғрисида расмий баёнот бергани йўқ” – дейилади Mashable нашрида.
Mashableнинг ёзишича, Обама ўз фикрига хулоса қилар экан Туркия ва Россияни ўртадаги муносабатларни чигаллаштирмасликка чақирган.