Сейсмология институти ва ФВВ ҳамкорлигида яратилаётган сейсмостанциялар тармоғи 2015 йил охирига қадар ташкил этилади.
“UzbekistanToday” ахборот агентлигининг маълумотига кўра, сейсмология тармоқлари Сейсмология институти ва ФВВ ҳамкорлигида яратилаяпти. Тармоқ станцияларининг кузатув марказларида ер юзидаги зилзилалар аниқланади, бошқарув марказида эса 1-2 дақиқа ичида шаҳар ҳамда вилоятларда силкиниш шиддатининг харитаси ишлаб чиқилади.
Шу йилнинг ўзида кетма-кет кузатилган зилзилаларнинг сейсмик маркази қўшни давлатлар ҳудудида бўлгани ва бир қатор шаҳарларимизда ҳам хавотирга ўринли силкинишлар сезилганлиги учун сейсмостанцияларга аҳоли мурожаатлари кескин ошди. Сейсмологик тадқиқотлар муҳимлиги эътиборга олиниб, ҳукумат ташаббуси билан замонавий ахборот мосламалари ва телекоммуникацион технологиялар билан жиҳозланган сейсмик хавф-ҳатарларни тадқиқ қилиш марказларида автоматлаштирилган рақамли мониторинг тизими яратилди. Республика сейсмологик станциялари тармоғи кенгайтирилди. Барча аналогик тизимга эга бўлган сейсмостанциялар рақамли тизимга ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт Тошкентда 26 октябрь куни 5 баллик, 17 ноябрь куни 3 баллик, 20-21 ноябрь кунлари эса 2 баллик, 22 ноябрьда 2 баллга яқин зилзилалар кузатилган эди.