...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россия-Туркия: Санкциялар уруши давом этмоқда


18:31, 09.12.2015 Олам
 5 317

Москва ва Анқара ўртасида санкциялар ва ахборот урушлари давом этмоқда.

Ноябрнинг охири – декабрнинг бошларида барча давлатларнинг диққат-эътибори, шубҳасиз, Россия-Туркия ўртасидаги муносабатларга қаратилди, десак муболаға бўлмайди. Икки давлат ўртасидаги воқеаларнинг кескинлашувига Туркия томонидан Россияга тегишли Су-24 ҳарбий самолётининг уриб туширилиши сабаб бўлди. Ушбу ҳаракат Россия томонидан “орқадан берилган зарба”,   баҳоланди. Бу ҳақда олдинги хабарларимизда маълумот бериб ўтган эдик. Оқибатда Москва ва Анқара ўртасида санкциялар ва ахборот урушлари бошланиб кетди.

Тойиб Эрдўғондан расмий узрнома билдиришни талаб қилган Владимир Путин рад жавобини олгач, Туркияга қарши турли санкцияларни қўллашни бошлаб юборди. Бу ҳақда Кремлнинг расмий сайти маълумот бермоқда. Давлат бошлиғи Туркияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тақиқ ўрнатиш, Россия Федерацияси ҳудудидаги Туркия компаниялари ва ташкилотлари фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиш тўғрисида фармонлар чиқарди. Бироқ савдо-сотиқ бўйича тақиқлар Россияда инфляция даражасини 0,4 фоиздан 4 фоизгача ошириши мумкин. Бундан ташқари, 2016 йил 1 январдан бошлаб, россияликларга Туркия фуқароларини ишга жойлаштириш ман этилади. Шунингдек, айнан шу муддатдан бошлаб, Туркия билан визасиз режим ҳам ниҳоясига етади. Икки ўртадаги авиапарвозларни ҳам маълум муддатга тўхтатиш режалаштирилган. Бу ҳолат Туркиянинг туризм салоҳиятига кучли зарба бериши аниқ. Яқинда Россиянинг Энергетика вазири Анқара билан “Туркия оқими” газ лойиҳаси бўйича ҳамкорликни тўхтатиб қўйганлигини эълон қилди.


Яқин ўтмишда Россиянинг бунчалик важоҳат билан Туркияга ташланиши кузатилмаган эди. Туркиянинг ҳаракати Россияга “тарсакидек” туюлган бўлиши мумкин. Ҳар қалай Россия Суриянинг Туркияга яқин ҳудудларида террорчиларга қарши урушаётганини ҳамма яхши билар эди. Халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқсак, Туркия амалга оширган ҳаракат ўринли. Бироқ Туркия террорчиларни йўқ қилиш учун самолётни уриб туширмаслиги мақсадга мувофиқ бўлар эди. Агар Су-24, ҳақиқатан ҳам, Туркия ҳудудига кирган бўлса ҳам, унинг Туркия объектларини ўққа тутмаслиги аниқ эди. Қолаверса, Туркия “буюк давлатлар” томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузиш одатий ҳолга айланиб қолганлигини жуда яхши билади. Туркиянинг ўзи ҳам яқинда Ироқ миллий чегаралари дахлсизлигини бузиб, унинг ҳудудига ўз қўшинини олиб кирган эди ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига бўлган муносабати Россия ва баъзи ғарб давлатларидан “қолишмаслиги”ни кўрсатиб қўйди. Ўшанда Туркия Президенти Тойиб Эрдўғон Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Ободининг зудлик билан Ироқ ҳудудидан чиқиб кетиш талабини бир неча кун жавобсиз қолдириб, пайсалга солди. Россия ҳам Туркиянинг ушбу ҳаракатини қаттиқ қоралади. Кейинроқ, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқаранинг Шимолий Ироққа қўшимча кучлар олиб кирмаслигини, аммо мавжуд ҳарбий қисмни ҳам олиб чиқиб кетмаслигини эълон қилди. Расмий Бағдод эса Туркиянинг бу ҳаракатини “бетгачопарликдан бошқа нарса эмас”,  деб атади. Бу икки вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи вазиятда, Россия Туркия ҳаво чегараларини кесиб ўтганлигини тан олгани йўқ. Халқаро ҳуқуқ меъёри бузилганлиги ёки бузилмаганлиги фақатгина икки томоннинг ўзига маълум, холос. Ироқ билан бўлган ҳолатда эса Туркия Ироқ ҳудудига ўз ҳарбий кучларини олиб кирганлигини тан олди. Демак, бу тўғридан-тўғри халқаро ҳуқуқ тамойилининг бўзилиши ҳисобланади. Туркиянинг бундай ҳаракати унинг халқаро майдондаги обрўйига бевосита таъсир кўрсатмай қолмайди.


Туркиянинг ушбу “хиёнаткорона” иши Россияни кучли ғазаблантириб юборди. Шу сабабли, у бундан буён, Суриядаги ҳарбий самолётлари парвозининг хавфсизлигини С-400 ҳаво хужумига қарши ракета комплекси ёрдамида таъминлашга қарор қилди ва Сурия Президенти Башар Асаднинг рухсатидан сўнг, ўз ракеталарини мамлакат ҳудудига олиб кирди.


Туркиянинг Европа иттифоқи бўйича собиқ вазири Берил Дедеўғли ушбу воқеа юзасидан қўйидагича фикр билдирди: “Россия ўз самолётининг Туркия томонидан уриб туширилишини ўзи уюштирди ва бу ҳолат Россияга Сурия ҳудудида қуруқликдаги ҳарбий кучларини олиб киришга баҳона бўлди. Россия амалда Сурия осмонида ўз самолётларининг якка ҳукмронлигини таъминлади. Шу пайтгача, Россия фақат ҳарбий ҳаво операцияларини амалга ошириб келаётган эди. Россиянинг С-400 ракеталари нафақат ўз самолётларини ҳимоя қилиш, балки бошқа давлатларга тегишли бўлган ҳаво кемаларига қарши “кураш” олиб бориш имконини беради.


Санкциялар мавзусига қайтадиган бўлсак, Туркия уларга қарши ҳеч қандай жавоб чораларини кўришни истаётгани йўқ. Туркия Бош Вазири Аҳмад Довудўғли яқинда сўзлаган нутқида қўйидаги фикрларни билдириб ўтган эди: “Агар Россия ўз муносабатини шу таҳлид давом эттирадиган бўлса, биз ҳам керакли санкцияларни қўллашимизга тўғри келади. Бироқ бундай чора кўришни хоҳламас эдик. Муносабатларни иложи борича тезроқ аввалги ҳолига қайтариш лозим. Туркия ҳар доим очиқ мулоқот олиб боришга тайёр. Бу орада россиялик ҳамкасбларимиздан умид қилиб қоламиз”. Бу ҳақда Туркиянинг hurriyetdailynews.com интернет сайти маълумот бермоқда.

Россиянинг ўз санкцияларидан қайтишига кўпчилик ишонаётгани йўқ. Шу жумладан, Туркия ҳам. Бироқ турклар ҳали ҳам муносабатларнинг нормаллашувига умид боғлашмоқда. Туркия Россияни бу йўлдан ҳар томонлама қайтаришга ҳаракат қилмоқда: ёқимли гаплар билан ҳам, кескин чоралар билан ҳам. Лекин Россия учун энг ёқимли гап бу Туркиянинг расмий кечирим сўраши ҳисобланади. Бундан камига Россиянинг рози бўлиши қийин. Лекин Туркиянинг бундай ишга қўл уриши амалда ўз айбини тан олганини билдиради. Шунинг учун Туркиядан узрни кутиш ҳам ёзда қор ёғишини кутиш билан баробардек.

Туркиянинг кескин чоралари Россиянинг халқаро алоқаларига путур етказишга қаратилган. Туркиянинг қўлида Россияга таъсир кўрсатиш дастаги мавжуд. Улардан бири Босфор ва Дарданелл бўғозларидир. Улар устидан назоратни кучайтириб, Туркия бўғозларни Россия кемалари учун ёпиб қўйиши мумкин. Биринчи навбатда, Россиянинг ҳарбий кемалари қатновини чеклайди. Қора денгиздан Ўртаер денгизига чиқиш имконини берувчи мазкур бўғозлардан фойдаланиш бўйича Туркия алоҳида ҳуқуқларга эга: агар Анқара бирон бир давлат билан уруш ҳолатида бўлса, ўша давлатнинг ҳарбий кемалари кечувига тўсқинлик қилишга тўлиқ ҳаққи бор. Бунинг шарти шундан иборатки, Туркия халқаро денгиз ҳуқуқи доирасида ҳаракат қилиши керак. Туркия Россия билан уруш ҳолатида эмас, шунинг учун ҳам Россия кемаларининг қатновига тўсқинлик қилишга ҳозирда ҳаққи йўқ. Лекин бундай ҳолатда, халқаро ҳуқуқ тамойиллари кимни ҳам қизиқтирар эди. Ушбу асосдан келиб чиқсак, Туркия бўғозни ёпиб қўйиши мумкин. Бироқ у бу орқали нафақат Россия, балки бошқа далатларнинг ҳам кемалари қатновига халал беради.


Туркия аллақачон Россиянинг ноҳарбий кемалари қатновига чекловлар қўйиб бўлди. Бу Россия томонидан халқаро хуқуқ меъёрларининг “очиқчасига бузилиши”,  деб баҳоланмоқда. Туркия эса Россия кемаларининг қурол-яроғ олиб ўтаётганлигини рўкач қилиб, уларнинг ҳаракатини узоқ муддатга тўхтатиб туришга эришмоқда. Бу анънавий санкциялар урушидан ўзга нарса эмас.


Россия Туркиянинг попугини пасайтириб қўйиш учун икки фронт орқали ҳужум қилмоқда. Россиянинг ахборот уруши ҳам қайсидир маънода мувафаққиятли давом этмоқда. Яқинда Россия Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва унинг оила аъзоларини Суриядаги террорчилардан нефть маҳсулотларини сотиб олаётганини исботловчи видео лавҳаларни оммага намойиш қилди. Мудофаа вазирлиги тақдим этган далиллар бир қатор юк машиналарининг Сурия ва Туркия чегараларини кесиб ўтаётганлигини кўрсатган. Бу ҳақда Independent нашри хабар бермоқда.

Бироқ юк машиналари ичида айнан нефть маҳсулоти борлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Лекин шуни ҳам унутмаслик лозимки, Туркия ва Сурия чегарасида фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён икки томонлама иқтисодий алоқалар олиб борилмаяпти. Ушбу фактдан келиб чиқсак, юк машиналари фақатгина террорчиларга тегишли бўлиб қолади. Нима бўлганда ҳам Россия тақдим этган видео лавҳада Туркияни айблаш учун етарли асос мавжуд эмас.

Шуниси аниқки, Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга ўнгланмас зарба берилди. Бир ой олдинги алоқалар даражасига қайтиш учун анча йиллар керак бўлиши шубҳасиз. Бундан кейинги ҳаракатлар Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциясига ва террорчиларнинг келажакдаги тақдирига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Воқеалар ривожини qalampir.uz сайтида кузатишда давом этинг.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Санкция Россия Туркия Россия-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!