Яқинда Россия-Туркия муносабатларига дарз кетганига сал кам бир ой тўлади. Ўзаро зиддиятлар эса ҳали-бери тин оладиганга ўхшамайди.
Аввалроқ хабар берганимиздек, Россия Туркияга нисбатан бир қатор санкциялар эълон қилган эди. Туркия ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат иқтисодий санкциялардан 9 млрд АҚШ доллари зарар кўриши мумкин. Бу рақам давлат ЯИМининг 0.3-0.4 фоизини ташкил этади. Туризмдан келадиган зарар эса 3 млрд АҚШ долларига тенг бўлмоқда ва у ЯИМнинг 0.4 фоизига тенг. Анқарада иқтисодий санкцияларга қарши режалар ишлаб чиқилмоқда.
Россиянинг иқтисодий уруши унинг ўзига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти, албатта. Санкт-Петербургда жойлашган Toyota автомобиль заводи ўз фаолиятини тўхтатиш хавфи остида қолмоқда. Чунки автомобиль ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган эҳтиёт қисмларининг кўпчилиги Туркиядан олиб келинади. Агар керакли қисмлар ўз вақтида етиб келмаса, ишни давом эттиришнинг ҳожати йўқ, дейди корхона расмий вакилининг сўзларига ҳавола қилаётган РБК ахборот агентлиги.
Россия ва Туркия ўртасидаги фойдали ҳамкорликлар ҳам хавф остида қолмоқда. Гап Россия томонидан Туркияда қурилаётган “Аккую” атом электро станцияси лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Лойиҳадаги ишларнинг давом этиши Россиянинг қарорларига боғлиқ. Россиянинг санкциялари мазкур АЭСни четлаб ўтмаса, бир неча миллиардлик лойиҳа икки томонга ҳам катта зарарга тушиши мумкин. Лойиҳадан бир томонлама тарк этадиган томон, ўртадаги келишув ва халқаро иқтисодий ҳуқуқ меъёрлари бўйича, катта жаримага тортилади. Балки шунинг учун ҳам Россия мазкур лойиҳа бўйича ўз фикрини билдиришга унчалик ҳам шошилмаяпти, дея маълумот беради “Регнум” ахборот агентлиги.
Су-24 билан бўлган воқеадан сўнг, россияликларнинг Туркияга нисбатан муносабати салбий томонга ўзгарди. Россия жамоат фикрини ўрганиш марказининг сўровномасига кўра, иштирокчиларнинг 94 фоизи яқин орада Туркияга дам олиш учун бормаслигини айтиб ўтган.
Шунингдек, Туркия Босфор бўғозини Россия кемалари учун ёпиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берган эдик. Аммо Анқара томонидан бундай ҳаракат ҳали кузатилгани йўқ. The Guardian’нинг хабар беришича, яқинда Россиянинг “Цезар Куников” номли ҳарбий кемаси Босфор бўғозидан ўтаётган маҳалда, Туркия ҳукуматининг фикрига кўра, халқаро ҳуқуқ меъёрини бузган. Анқаранинг айтишича, кема аъзоларидан бири қўлида зенит ракета комплексини ушлаб турган бўлган. Рус денгизчисининг бундай хатти-ҳаракати Туркиянинг кескин чора кўришга мажбур қилиши керак эди, дейди The Guardian Туркия ҳукумати вакилларининг фикрига ҳавола қилиб. Ортга қайтишда рус ҳарбий кемаси Туркиянинг қўриқчи қайиқлари кузатуви остида ҳаракатланган.
Шу воқеа муносбати билан Россиянинг Анқарадаги элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақириб олиниб, элчидан Москванинг бундай ҳаракатини тушунтириб беришни сўраган, дейди ABC News.
Россиянинг ҳам Туркия дипломатик вакиллари билан гаплашиш иштиёқи пайдо бўлган бўлса керак, Туркиянинг ҳарбий атташесини Ташқи ишлар вазирлигига чақириб олди. Бунга Россиянинг “Сметливый” ҳарбий кемаси томонидан Туркия балиқчилик кемасига қарата ўқ узилганлиги сабаб бўлган. Гап шундаки, икки кема Юнонистон чегаралари яқинидаги Аген денгизида бир-бирига яқинлашиб қолишган. Улар орасидаги масофа 600 метрни ташкил қилган. Россия Мудофаа вазирлигининг фикрларига кўра, кемаларнинг тўқнашиб кетишини олдини олиш учун ҳарбий кема зарурий чора кўришга мажбур бўлган. Туркия ҳукумати Россиянинг бу ишини ҳақиқий провокация сифатида баҳолади, дейди Huffington Post.
Туркиянинг қуруқликдаги саъй-ҳаракатлари режа бўйича давом этмоқда. Маълумки, Анқара Суриядаги ҳарбий ҳаракатларини вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Яқинда Туркия Мудофаа вазири ўз ҳарбий ҳаво кучларига Сурия ҳаво кенгликларидан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда “Регнум” ахборот агентлиги хабар бермоқда. Бунинг ўрнига, Туркия ўзининг Ироқдаги ҳарбий фаоллигини ошириб бормоқда. Бундан аввалроқ, Ироқ ҳукумати Туркия кучларини мамлакат шимолида ўрнашиб олган ДАИШ террорчиларига қарши кураш олиб боришга чақирган эди. Су-24 ҳаво кемаси билан боғлиқ ҳодисадан сўнг, Туркиянинг мамлакат ҳудудидаги хатти-ҳаракатларига нисбатан Ироқнинг муносабати ўзгариб кетди. Давлат Бош вазири Ҳайдар ал-Ободи бир неча марта Туркия ҳарбий кучларининг чиқиб кетишини талаб қилди. Ҳатто бу масалани БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилиш учун ҳам олиб чиқиб, ташкилотнинг ўз масъулиятини бажариш талаби билан чиқди. Бу борада Ироқни Россия бажонидил қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Назаримизда, БМТ Ироқ ва Туркия ўртасидаги ишларга аралашишга шошилаётгани йўқ ва муаммонинг фақатгина икки давлат ўртасида ҳал қилинишини истамоқда. Ироқ эса Туркияни мажбурлаш учун барча салоҳиятини ишга солмоқда. Расмий Бағдод, агар Анқара ўз кучларини Шимолий Ироқдан олиб чиқиб кетмаса, унга қарши санкциялар эълон қилишини айтиб ўтди, деб ёзади korrespondent.net интернет саҳифаси.
Гарчи Туркия Суриядаги ҳарбий фаоллигини пасайтирган бўлса-да, Сурия билан чегарада ҳимоя тизимларини мустаҳкамлаб бормоқда. Бундан олдин икки давлат ўртасидаги чегарада мудофаа девори тизими қурилаётганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Эндиги чора-тадбирларга асосан, Туркия чегара ҳудудларда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Бу борада у Франциянинг Eurosam ҳарбий компанияси билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Звезда” телеканали хабар қилмоқда.
Кундан кунга Россия ва Туркия ўртасидаги алоқалар ёмонлашиб бормоқда. Россия расмий доиралари Туркияга қарши кескин ва қатъий чора-тадбирлар олиб боришаётганлиги кўриниб турибди. Россияни бу йўлдан қайтариш борган сари мураккаблашиб бормоқда. Анқара эса Москванинг ўз йўлидан қайтишига ҳали ҳам умид қиляпти.
Воқеалар ривожини qalampir.uz сайтида кузатиб боринг.