Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди.
Меҳмонни илиқ кутиб олган давлат раҳбари ривожланиб бораётган ўзбек-рус стратегик шериклик ва ҳамкорлик муносабатларидан кўнгли тўқлигини қайд этди.
Икки давлат ўртасида идора, минтақа ва иш доиралари ўртасида ахборотларни алмашишни жадаллаштириш, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий соҳада истиқболли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар соҳада биргаликда ҳаракатланиш алоҳида қайд этилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик, шу билан бирга, идоралараро ҳамкорлик, икки томонлама тадбирлар ташкил этиш ва ҳарбий кадрларни профессионал тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикрлар алмашилди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу илиқ кутиб олингани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг энг яхши тилакларини етказди.
Шойгу Ўзбекистонда Қуролли кучларни модернизация қилишда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва мудофаа салоҳиятининг мустаҳкамланиши қўллаб-қувватланишини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги ташаббуси юқори баҳоланди. Бундан ташқари, Россиянинг икки мамлакат ва халқлар бахт-саодати учун Ўзбекистон - Россия ўртасида кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни келажакда янада ривожлантиришга тайёр эканлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлари ўзаро музокара ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.