2016 йилги жаҳоннинг энг яхши боксчиси Ҳасанбой Дўсматов саволларга жавоб қайтарди.
Лойиҳанинг бугунги сонида Олимпия ўйинлари чемпиони, 2016 йилги жаҳоннинг энг яхши боксчиси Ҳасанбой Дўсматов саволларга жавоб қайтаради.
Аввалига спортнинг кикбокс тури билан шуғулланардим. Олимпия захиралари коллежида ҳам айнан ушбу йўналиш бўйича ўқишни истагандим. Бироқ, у ерда кикбокс йўналиши йўқлиги сабаб боксни танлаганман. Шу тариқа, коллежда бокс бўйича таҳсил ола бошладим.
Овқатланиш тартиби ҳақида гапирадиган бўлсам, кунига уч маҳал овқатланамиз. Терма жамоамизда диетологлар ҳам бор. Таомларни айнан уларнинг тавсиясига биноан истеъмол қиламиз.
Севимли спортчим “Барселона”нинг аргентиналик футболчиси Лионель Мессидир. Унинг ўйинлари, майдонда ўзини тутиши менга жуда ёқади. Боксчилардан эса филиппинлик афсонавий чарм қўлқоп устаси Мэнни Пакьяога ҳавас қиламан.
Ҳаётимдаги энг кутилмаган воқеа сифатида Олимпиада чемпиони бўлганимни кўрсатишим мумкин. Тўғриси, буни кўпчилик, шу ўринда ўзим ҳам кутмагандим. Аммо бу шарафли вазифани уддалай олдим. Бундан жудаям хурсандман.
Чемпионликка эришиш учун биринчи навбатда интизом ва албатта қаттиқ меҳнат талаб этилади. Шунингдек, мураббий кўрсатмаларини ҳам ўз вақтида ва тўлиқ бажариш лозим.
Қитъадаги тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳам осон кечмайди. Чунки, у ерда барча чемпионни мағлуб этишга ҳаракат қилади. Унга қарши рингга икки баробар куч билан чиқишади. Чемпион уларнинг барчасига қарши туриб бера олиши лозим. Асосий мақсадим Осиё ўйинлари чемпиони бўлиб, Ватанимиз байроғини яна бир бор жаҳон ареналарида юқорига кўтаришдир. Насиб қилса, Ўзбекистонга чемпион бўлиб қайтамиз.