Актёр “Суғдиёна” фильмида "Ҳамма аёллар фоҳиша..." деган гапни ишлатгани учун мухлисларининг танбеҳига учради
Бундан бир неча йил аввал режиссёр Бахром Ёқубов томонидан суратга олинган “Суғдиёна” фильмини томошибанлар яхши эслашади. Бу фильмда бош ролларни хонанда Суғдиёна, актёрлар Фаррух Соипов ва Рихситилла Абдуллаев ижро этган эди. Картинада Рихситилла Абдуллаев ва Фаррух Соиповнинг тунги клубда суҳбат қураётган лавҳалари бор. Гап шундаки, унда Рихситилла Абдуллаев Фаррух Соиповга қарата “Ҳамма аёллар фоҳиша, мени туққан одамдан ташқари деган экан бир италиялик. Ундан нима учун бундай деяпсиз деб сўрашса, чунки мени онам туққан, у мен учун фаришта деган экан”, – дейди.
Instagram ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Рихситилла Абдуллаевнинг шахсий саҳифасига юқоридаги сўзларни эслатиб изоҳ қолдирди.
“Бир нарса ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Суғдиёна” фильмида бир италиялик “файласуф”нинг “Барча аёллар...” деган гапини айтгандингиз. Сизнинг ҳам қизингиз, синглингиз бўлса керак... Эртага қизингиз шу фильмингизни кўриб, ўзингиздан ҳам сўрар, балки... Тан олиш керак, ролни қойилмақом қилиб ўйнагансиз. Аммо биз ўзбекмиз, бизнинг миллий қадриятларимиз, одоб-ахлоқимиз, менталитетимиз бор. Тўғри келган гапни, тўғри келган жойда айтиш бизга ярашмайди”, – дея Абдуллаевнинг фикри билан қизиққан.
Актёр Рихситилла Абдуллаев мухлисининг эътирозларини беэътибор қолдирмади.
“Бу баҳсли масала. Тўғриси, у вақтларда кинога эндигина кириб келган эдим. Менинг фикримни ҳеч ким эшитмас эди. Тўғри тушунинг, бизни сценарийда бор нарсани ижро этишга мажбурлашади. Ҳозир анча улғайдик, фикримизни ўтказамиз”, – деб жавоб изоҳини ёзди актёр.
Шунингдек, мухлислардан бири унинг овоз тембрини мақтаб, футбол ўйинларини шарҳлаш таклифини билдирди. Абдуллаев эса унга жавобан, футболни тушунмаслигини, ўйинчиларнинг исмлари ёдида қолмаслигини, аммо ҳаракат қилиб кўришини маълум қилди.
Маълумот учун, “Суғдиёна” фильми 2006 йилда катта экранларга чиққан.