Рио-де-Женейрода бўладиган Олимпиада мусобақаларида иштирок этувчи Ўзбекистонлик спортчилар олтин медални қўлга киритса, киссаси 200 минг АҚШ долларига тўлади
Рио Олимпиадасида Марказий Осиёнинг барча давлатларидан спортчилар иштирок этади. Қуйида сизнинг эътиборингизга юртимиз ва қўшниларимиздан неча нафар спорт усталари қайси спорт турларида Рио-де-Женейрода ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилиши ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбекистон
Бразилияда бўладиган мусобқада юртимиз шарафини 70 нафар спортчи ҳимоя қилади. Улар 13та спорт турида (эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, енгил ва оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо ва ҳоказо) куч синашадилар. Ўзбекистонда спортчиларга Рио Олимпиадасидаги олтин медал учун 200 минг, кумуш медал учун 100 минг ва бронза медал учун эса 75 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.
Қозоғистон
Қозоғистондан жами 101 нафар спорт устаси 25 спорт тури бўйича мусобақада иштирок этади. Мазкур давлатдан Олимпиадага борадиган спортчилар сони Марказий Осиёдаги давлатлар орасида энг кўп ҳисобланади.
Қирғизистон
Рио-де-Женейродаги Олимпиадада Қирғизистондан 19 спортчи иштирок этади. Улар олтита спорт тури бўйича куч синашади. Ушбу давлат ўз спортчиларига Олимпиададаги олтин медал учун 104 минг, кумуш медал учун 74 минг ва бронза медал учун 51 минг мукофот ваъда қилган.
Тожикистон
Олимпиадада қатнашадиган тожикистонлик спортчилар етти кишини ташкил этади. Улар тўрт спорт тури бўйича ўз ватанлари шанини ҳимоя қилишади. Тожикистонда мусобақада олтин медал ютган спортчига 38 минг АҚШ доллари, кумуш медал учун 31.8 минг АҚШ доллари ва бронза медал учун эса 25 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.
Туркманистон
Туркманистон 1996 йилдан буён доимий равишда ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиб келади. Мазкур давлат Собиқ Иттифоқ давлатлари ичида Олимпиада медалига эга бўлмаган ягона давлат ҳисобланади. Ушбу мамлакатдан жами саккиз спортчи бешта спорт тури бўйича мусобақада иштирок этади.