Бельгиялик спортчи Риодаги мусобақадан сўнг эвтаназия амалиётини амалга оширмоқчи.
“Риодан сўнг спортдаги фаолиятимни якунлайман. Ундан кейин кўрамиз, ҳаёт менга нималаларни тайёрлаб қўйган. Мен энг яхши лаҳзалардан баҳра олишга ҳаракат қиламан”, дейди у.
“Мен эвтаназия ҳақида ўйлашни бошладим. Аммо мен касаллигимга қарамай, бошқалар орзу қиладиган ҳолатлардан ўтдим”, дея қўшимча қилди Верворт
Маълумотларга қараганда, спортчи аллақачон эвтаназияни амалга ошириш учун ҳужжатларни тайёрлаган.
Марике Верворт 2012 йилги Паралимпия ўйинларида аравачада ўтказиладиган пойгада зафар қучган. Спортчи бедаво мушак касаллигига чалинган.
Маълумот ўрнида, эвтаназия оғир ва бедаво дардга чалинган одамнинг ўз хоҳиши билан ҳаётига нуқта қўйиш амалиёти ҳисобланади. Унинг икки тури мавжуд: пассив эвтаназия ва фаол эвтаназия. Бу бемор ҳаётига нуқта қўйишнинг даври билан боғлиқдир.
2002 йилнинг 1 апрелида Голландияда эвтаназияни амалга ошириш қонуний деб тан олинди. Кейинроқ, айнан шу йилда Бельгияда ҳам эвтаназияга рухсат берувчи қонун қабул қилинди. 2003 йилда Бельгияда 200 нафар бедаво дардга чалинган одамнинг ҳаёти эвтаназия қилинди. 2004 йилда эса бу кўрсаткич 360 кишига етди. 2014 йилда Бельгияда болалар эвтаназияси қонунийлаштирилди.