“Миллион”нинг концерт дастурлари жуда кўп танқид қилинди. Лицензияси олиб қўйилди, жамоа ОАВлар тилидан тушмади. Кимдир унинг концертига “Ялонғоч гаплар”, деб таъриф берса, бошқалар “Оила даврасида кўриб бўлмайдиган концерт”, деб иддао қилди.
“Миллион” жамоаси бу йил икки ярим йиллик танаффусдан сўнг, умумий ҳисобда учинчи концерт дастурини тақдим этаётгани ҳақида хабар берган эдик. 14-21 сентябрь кунлари, етти кун давомида “Миллион” жамоаси “Истиқлол” санъат саройида 9 сеансли концерт дастурини тақдим этди. Хабарингиз бор, концерт кунлари аввалига тўрт кун, деб эълон қилинган эди. Талабларга биноан яна уч кун қўшилди. Шанба ва якшбанба куни икки сеансда концерт қўйилди. Кулги санъатида сўнгги йилларда илк бор рўй бераётган бу ҳолат “Миллион” жамоасига бўлган катта қизиқиш ва мухлислар соғинчидан далолат.
ОАВлар қаторида “Qalampir.uz” сайти ҳам концерт дастурини ёритишга таклиф этилган эди. Репортажни дастурнинг илк кунларидан эмас, балки сўнггисидан тайёрлашга қарор қилдик. Бунинг сабаби жуда оддий. Кўпгина хонандалар ёки қизиқчилар концертнинг сўнгги кунларида ўзларини жуда бамайлихотир тутишади, охирги кунга эътибор у қадар катта бўлмайди. Ҳаёжон ва масъулият ҳисси ҳам ҳамин қадар, албатта. Бироқ “Миллион”нинг концертида буни пайқамадик. Йигитлар ўз ишига катта масъулият билан ёндашгани, йиллар давомида анча тажриба тўплагани ва албатта, хатолар, танқидлардан тўғри хулоса чиқаргани кўриниб турибди.
“Миллион” жамоаси бу йилги концерт дастурини телевидение ва радиолар орқали реклама қилмади. Шаҳар кўчаларида эса афишаларга ҳам кўзимиз тушмади. Бироқ томоша зали одамлар билан тўла бўлди, чипта харид қилишга улгурмаганлар ҳам топилди. “Истиқлол” санъат саройи яқинидаги “қора бозор”нинг эса иши бароридан келди. Концерт чипталари кассада 15 000 сўмдан 80 000 сўмгача бўлган эди. “Қўл”да эса бу нарх икки бараварга ошди.
Жамоанинг бу йил саҳнага олиб чиққан ҳазиллари ўтган йиллардан буткул бўлмасада, бироз фарқ қилади. Футбол, ҳаётимиздаги камчилик ва муаммоларга кам эътибор қаратилди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек жамоа муаммоларни гапиришдан йироқ турди. Ҳазилларнинг кўпида ёшларга оид мавзулар, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган видеолар ҳақида сўз борди. Бу видеоларни кўрмаганлар учун айрим чиқишлар тушунарсизлигича қолди. Жамоа бир неча марта санъаткорлар мавзусига мурожаат қилди. Бу синалган усул. Айни мавзуда гапиришга гап, айтишга сўз, кулгига сабаб бўладиган воқеа ҳамиша топилади. Айниқса, “Ниҳол” мукофоти совриндори хонанда Каниза иштирокидаги чиқиш тинимсиз қарсакларга сабаб бўлди. Жамоа халқнинг дилидаги гапларни ҳазил йўли билан Канизага шу қадар профессионал даражада етказдики, бу гаплардан сўнг, Каниза санъатдаги фаолиятини тўхтамаса бўлгани.
Тўғри, концертда оила даврасида эшитиб бўлмайдиган ҳазиллар ҳам бўлди. Жамоа халқнинг, айниқса, ёшларнинг юзига кўзгу тутди. Ҳаётимиздаги реал воқеаларни, аччиқ ҳақиқатларни саҳнага олиб чиқди. Балки буни маънавиятсизлик, кулдириш учун ҳаёни четга суриб қўйиш билан ўлчайдиганлар ҳам топилар... Бироқ “Миллион” ҳар бир чиқиш сўнггида намойиш этилган ҳазиллар борасида кишини мушоҳадага ундайдиган фикрлар билан томошабинларни ўйлантириб қўйди. Улар ҳақиқатан ҳам томошабиннинг юзига ойна тутишга, саҳнада кўрсатилаётган ҳолатлар ҳар бир инсон ҳаётида учраб туриши мумкинлигини тушунтиришга ва бундан ўз вақтида тўғри хулоса чиқариш кераклигини айтишга уринишди. Ва бунинг уддасидан чиқишди ҳам.
Ўтган йилларда “Миллион”нинг концерт дастурлари жуда кўп танқид остига олинди. Лицензияси олиб қўйилди, жамоа ОАВлар тилидан тушмай қолди. Кимдир жамоа концертига “Ялонғоч гаплар”, деб таъриф берса, яна кимдир “Оила даврасида кўриб бўлмайдиган концерт”, деб сийқаси чиққан иддаони ўртага ташлади. Журналистлар, маънавият пешволари танқид қилишга гап топишди, бироқ “Миллион”чиларга маслаҳат беришга, бошқа йўл билан ҳам кулдириш мумкинлигини тушунтиришга журъатлари етмади. Ҳолбуки, “Дизайн” жамоасининг саҳнага олиб чиққан томошалари “Миллион”никидан ўн чандон уятсиз эди. Негадир уларга келганда, маънавиятимиз илдизига болта урилаётгани унутилди, хатоларга кўз юмилди. Журналистлар эса мум тишлади.
Жамоа аъзоси Даврон Кабулов ҳар галги концерт сўнггида қайсидир гапи билан одамлар ёдида қолишга ҳаракат қилади ва буни уддалайди. Аслида маъноли гапларни гапириш, саҳнага чиқиб донишмандлик қилиш, ваъз ўқиш унча-мунча одамга ярашмайди. Чунки айтаётган гапига қалбан яқин бўлмайди. Бироқ Кабулов бошқалардан мустасно. У бу галги гапларини айни таҳликали даврда дунёнинг турли бурчакларидан туриб, туз еган Ватани, киндик қони тўкилган ота маконини унутиб, Ўзбекистонга турли туҳмат ва бўҳтон тошларини отаётганларга атади. Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик, фаровон ҳаётга уларнинг гаплари ҳеч қандай таъсир этмаслигини айтди. “Жим туриш қўрқоқликнинг эмас, аксинча, андишанинг белгиси”, дейди Кабулов.
Даврон Кабуловнинг унда-бунда қалам тебратиб туришидан хабаримиз бор. У мухолифатчиларга аталган шеърини шу қадар виқор билан, мағрур ўқиди. У сўзи сўнггида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни эслатиб ўтиб, у аршдан юртни кузатиб тургани, ёшларга ишонч боғлаганини айтганида, томошабинларнинг кўзида ёш қалқиди, зални эса қарсаклар садоси тутди. “Миллион” икки саот давомида лабларга табассум улашган бўлса, бир сонияда кўзларни ёшга тўлдирди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, “Миллион” хатоларни тузатди, камчиликлар ўрнини тўлдирди ва яна мухлислар қаршисига чиқди. Томошабин эса уларга яна бир бор имкон беряпти, ишонч билдиряпти. Кўрамиз, “Миллион” бу ишончни қай даражада оқлар экан...