Жиноятчи концерт залидаги мухлисларнинг қўл телефонига олган видеолавҳалар орқали аниқланди.
Ёдингизда бўлса, кеча 26 май куни Манхэттенда рэпер T.I.’нинг концерт дастурида содир бўлган отишма ҳақида маълумот бергандик. Полиция томонидан концертдаги отишмада неча кишининг иштирок этгани ва унинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилиб, бугун, 27 май куни айбдорлардан бири қўлга олинганлиги ҳабар қилинмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Полиция томонидан отишмани концертга ташриф буюрган Troy Ave исмли рэпер бошлагани аниқланди ва у қўлга олинди. Ҳозирча, иккинчи рэпернинг нима учун одамларга қарата ўқ узгани сабаблари маълум эмас.
26 май куни Манхэттеннинг Юнион-Сквер майдонига яқин бўлган “Irving Plaza” концерт залида рэпер T.I.’нинг концерти бошланишидан аввал залда содир бўлган отишма вақтида бир киши вафот этди, 3 киши яраланди. Тергов-суриштирув ишлари давомида отишмани 33 ёшли Роланд Коллинс, саҳнадаги исми Troy Ave бўлган рэпер бошлагани маълум бўлиб, ушбу шахс қўлга олинган. Troy Ave’нинг жинояти залдаги одамлар томонидан тасвирга олинган видеолавҳа туфайли ошкор бўлган. Смартфон қўл телефонига олинган тасвирларда Роланднинг кимнидир қувиб етишга ҳаракат қилгани ва одамлар билан тўлган залда қидираётган одамини кўриб, чўнтагидан тўппончасини чиқаргани ва ўқ узаётгани яққол тасвирга туширилган. Унга одам ўлдиришга уриниш ва қуролни ноқонуний сақлаш каби айбловлар қўйилмоқда.