...
МЕНЮ
ONLINE TV

Расмийлар Қирғизистон фуқароси отилган ҳудудни бориб кўрди


20:04, 10.04.2018 Жамият
 9 636

Чегара ҳудудида отиб қўйилган фуқаро иши юзасидан махсус гуруҳ иш бошлаган.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудида ўзбек чегарачилари қирғизистонлик фуқаро Ф.Мирзалиқовни отиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур вазият сабабларини сўраб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.
 
Ўз навбатида, икки мамлакат Бош вазирлари телефон орқали мулоқот ўтказиб, юзага келган ҳолатни аниқлаштириш учун икки томонлама йиғилиш ўтказишни келишиб олган эди.


 
Бугун, 10 апрель куни Наманган вилоятининг Заркент қишлоғида Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси полковник Уларбек Шаршеев ва Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси ўринбосари, Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Knews” хабар қилди.
 
Учрашувда чегара маҳкамалари томонидан аввал эришилган протокол қарорлари тўла ҳажмда бажарилмаётгани ва жараён қирғиз-ўзбек муносабатларининг янги даражасини ҳисобга олган ҳолда тўлдирилиши лозимлиги таъкидланди.
 
Шундан сўнг чегара делегациялари Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Аксий туманининг Мамай қишлоғидаги воқеа жойига борган.
 
Бу ерда чегара маъмуриятлари раҳбарлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари билан 7 апрель куни юз берган воқеа жойи кўздан кечирилди.
 
Учрашув давомида томонлар чегарачилар томонидан қурол қўлланилиши энг сўнгги чора эканини яна бир бор таъкидлади.
 
Шу боис томонлар давлат чегарасини бехосдан бузиш ҳолати юз берганида, ҳарбий хизматчилар томонидан қурол қўлланиши қатъий тақиқланганини эслатиб ўтди.
 
Учрашув якунида Чегара раҳбарлари амалий учрашув бўйича баённома имзолашди.
 
Унда чегара масалалари бўйича ҳукуматлараро келишувларга қатъий риоя этиш, уни амалга ошириш, икки давлат чегара маҳкамалари раҳбарлари томонидан аввал эришилган қарорлар ва келишувларни бажариш мажбурияти киритилди.
 
Маълумот ўрнида, жорий йил апрель ойининг учинчи ўн кунлигида Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари аппаратларининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказиш режалаштирилган, унда чегараолди ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинади.
Икром Раҳмон

Теглар:Қирғизистон чегара 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар