Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби бутунлай тарқатиб юборилади.
“Самвел Бабаян ва унинг штаби жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай олмади. Шу муносабат билан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби бутунлай тарқатиб юборилади.
Миллий терма жамоанинг кейинги тақдири ҳақидаги янги маълумот навбатдаги баёнот орқали оммага эълон қилинади.
Ўзбекистон футбол федерацияси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган Эрон ва Корея терма жамоаларини табриклайди ва уларга кейинги ўйинларда омад тилайди!
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон футбол федерацияси жаҳон чемпионати саралаши давомида тўхтовсиз равишда қўллаб-қувватлаганлиги ва миллий терма жамоага доимий равишда далда бериб турганлиги учун миллий терма жамоамиз мухлисларига чексиз миннатдорчилик изҳор қилади”, дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун, Самвел Бабаян бошқарган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш 3-босқичида 13 очко жамғариб, 4-ўринни эгаллади ва жаҳон чемпиоанатига чиқиш йўлланмасидан маҳрум бўлди.
Бироқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпиоанатига чиқиш йўлланмасига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар мавжуд. Ушбу миш-мишлар замирида Осиё футбол конфедерацияси айрим хулосаларига таяниш мавжудлиги ҳақида бироз олдинроқ хабар берган эдик.