...
МЕНЮ
ONLINE TV

Рания Ал-Абдуллоҳ: ИШИДдаги биринчи “И” ҳарфини олиб ташлаш керак


14:46, 23.11.2015 Олам
 5 346

Қиролича Рания Ал-Абдуллоҳ Huffington Post журналига берган интервьюсида мўмай пул топиш илинжида юрганлар ва динни овунчоқ деб билганлар сабаб ИШИДнинг жангарилари сафи ортаётганини айтди.

   Иордания қироличаси Рания Ал-Абдуллоҳ 20 ноябрь куни ўз мустақиллигини бир томонлама эълон қилган Ироқ ва Шом ислом давлати табиатида ислом динига хос ҳеч қандай хусусиятлар мавжуд эмаслигини таъкидлади. У бу ҳақда “Келажакдан кейинги дунё” халқаро конференцияси доирасида Хаффингтон Пост (Huffington Post) нашри бош муҳаррири Арианна Хаффингтон (Arianna Huffington) билан бўлган суҳбатда айтиб ўтди. “Мен ИШИД даги биринчи “И” ҳарфини олиб ташлаган бўлар эдим. Чунки,  унда ислом динига хос ҳеч қандай хусусият мавжуд эмас”.

   “Эътиқод улар учун бегона тушунча, улар мутаассибликка маҳкум шахслар, холос. Менинг назаримда, агар биз уларни диний гуруҳ сифатида тан олсак, бу уларга берилган энг нолойиқ баҳо бўларди” – дея фикрини давом эттиради қиролича Рания.

   “ИШИД ўзини исломий гуруҳ деб аташларини истайди. Айнан шу ҳолатда уларга нисбатан амалга оширилган ҳар қандай тажовуз, бу ислом динига ҳам қилинган тажовуз деб ҳисобланиши мумкин. Бу эса улар учун айни муддао. Одамларда ғарб – ислом динининг ашаддий душмани деган тасаввур пайдо бўлса, бу террорчиларга ўз сафларини кенгайтириш учун ниҳоятда қўл келади” – дейди у.
   Қиролича ўз  маърузасида бугун дунёда рўй бераётган воқеаларга ва ИШИДнинг олиб бораётган фаолиятига эътибор қаратар экан, ундан қутилиш йўлларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.  “Ғарб давлатлари эмас, балки араб давлатлари, умуман олганда, мусулмонлар ушбу ёвуз кучларга қарши курашга бошчилик қилиши керак, халқаро ҳамжамият эса ушбу жараёнда ёрдамчи куч вазифасини ўташи лозим. ИШИДнинг араб ва мусулмон жамиятлари, айниқса, ёшлар қатлами  иштирокидаги ОАВ ва ижтимоий тармоқлардан амалга ошираётган ҳужуми ушбу курашнинг бир қисми бўлиши даркор. ИШИД томонидан мусулмонларнинг ҳақиқий тимсоли булғанишига йўл қўя олмаймиз” – дея ўз таклифларини илгари суради қиролича.

   “Экстремистлар мусулмон оламини динимиз ва маданиятимизнинг бўшлиқ мавжуд бўлган чизиғидан иккига ажратиб, бўлиб юборишга ва шу орқали ғарб халқлари онгида исломга қарши янглиш тасаввурларни уйғотишга уринишмоқда. Аслида бу уруш маданиятли инсонлар дунёси ва бизни ўрта аср мутаассиблигига қайтаришга ҳаракат қилаётган бир тўда телба ва савдойи шахслар ўртасидаги курашдир. Агар биз тўлиқ манзарани ана шу ҳолатда кўра олсак, ўшандагина бу урушнинг ўз жонимиз, ҳаётимизни ҳимоя қилиш йўлидаги уруш эканлигини тушуниб етамиз” - дейди у.

   Қиролича Раниянинг фикрича, саргузаштларга ихлосмандлар, мўмай пул топиш илинжида юрган ва динни овунчоқ деб биладиганлар сабаб бугун ИШИДнинг жангарилари сафи ортиб боряпти.
 “Бу қора кучни фақатгина жанг майдонида мағлуб этишнинг иложи йўқ. Бу урушнинг қоқ юрагида мафкура ётади, мафкурани эса биргина ўқ-дори билан махф этишнинг иложи йўқ. Фақатгина унданда кучлироқ мафкура ғалабани таъминлаши мумкин” – дея фикрини якунлайди қиролича.

   Мухтарам Президентимиз ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан хавфлироқ” – деган фикрни олға суради. Бугунги нозик ва таҳликали даврда юқоридаги фикрлар ўз исботини топяпти. Дуёнинг кўплаб мамлакатларида содир бўлаётган воқеликларга назар ташлар экансан, миллатлар ўртасидаги курашлар, ошкора намойишлар-у турли оқимлар, ислом фундаментализмини асос деб билган-у қилаётган иши муқаддас ислом динига хос бўлмаган гуруҳлар фаолиятининг замирида ҳам маънавиятсизлик, мафкуравий иммунитетнинг шаклланмагани яққол намоён бўляпти.
Адиз Аҳмедов 

Теглар:Рания Ал-Абдуллоҳ ИШИД 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!