Рамзан Қодиров бўлиб ўтган ҳодиса, терроризмга қарши бутун дунё, барча шаҳарлар, барча миллий хизматлар курашиши керак эканидан далолат беришини айтиб ўтди.
Шу муносабат билан Россия ҳукуматига таъзия билдириб қўнғироқ қилаётган, машъум хабар билан қизиқаётганлар сони тобора ортаётгани тайин.
Чеченистон давлат раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали Россия хукумати ҳамда марҳум Андрей Карловнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.
“Анқарада Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов ўлдирилди. Хоинона жиноят дипломат “Россия туркияликлар нигоҳида” фотокўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этаётган вақтда содир этилган.
Бу қотилликда унга бевосита ва билвосита алоқадор бўлган шахслар ўз жазосини олиши керак. Бўлиб ўтган ҳодиса, терроризмга қарши бутун дунё, барча шаҳарлар, барча миллий хизматлар курашиши керак эканидан далолат беради. Акс ҳолда бу ўлат дунё бўйлаб тарқалиб кетади.
Бу жараённи дорилар ҳамда огоҳлантиришлар билангина йўқотиб бўлмайди. Бўлиб ўтган воқеа юзасидан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга ҳамда Андрей Карловнинг оила аъзоларига чуқур таъзиямни билдираман”.
Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Россия Федерацияси элчиси Андрей Карлов бадиий галереяга ҳужум чоғида отиб кетилди. Сўнгги маълумотларга қараганда, “Россия туркияликлар нигоҳида” фотокўргазмасининг очилиш маросимида сўзга чиққан Андрей Карлов нутқини якунлагач, орқа тарафида турган шахс унга қарата ўқ узган.
Яраланган элчи “Гювен” шифохонасига етказилган. Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган. Қотил Андрей Карловга ўқ узгач, бир неча дақиқа давомида экстремистик ғоялар ҳақида “нутқ” сўзлаган. Тахмин қилишларича, айнан шу вақтда элчи қон йўқотган ва шу сабабга кўра унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Андрей Карловга 22 ёшли Туркия фуқароси ҳужум қилган. У фотокўргазмага полиция офицерининг сохта гувоҳномасини кўрсатиб киргани ҳам маълум бўлди. Карловга ўқ узгач, у полиция томонидан отиб ўлдирилган. Бироқ бунгача у яна 3 кишини жароҳатлашга улгурган.