Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров интернетда тарқалган турли чақирувлар аслида ёлғон экани ҳақида ўз халқини огоҳлантирди.
Қодиров нутқида Чечен миллати ўз қондошларини унутмаслиги ва республика шаънига доғ туширмаслигини айтган.
Президент ушбу нутқини ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасига жойлаштирган ва қуйидагича изоҳ қолдирган:
“Қадрли дўстлар! Мен баъзан гўё минглаб Чеченистон қочоқлари Польша ҳудудига киришга уринаётгани ҳақида эшитиб турибман. Бу мутлақо ёлғон! Балки кимдир қочоқлар билан тўла лагерларга бориш учун Чеченистондаги уйини сотиб, яқинлари ва қондошларини ташлаб Европага кетишни хоҳлаган бўлиши мумкин. Лекин улар қочоқлар эмас. Уларни бундай аташ ва қочиш учун сабаб керак. Хеч қаерда, жумладан, Европада ҳам йўқ бўлган барқарорлик ва ривожланиш, ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш Чеченистонда бўлса, қочиш учун қандай сабаб бўлиши мумкин?
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Голландия, Польша, Белгиядаги жаннатмонанд ҳаёт ҳақидаги ёлғон ҳикояларни ҳали бир қатор Европа давлатларининг махсус хизмат ходимлари ўрганиб чиққани йўқ. У ерга чақиришларидан асосий сабаб керакли вақтда ўз мақсадлари йўлида чеченлардан фойдаланишдир...
...Албатта, Европада чечен миллатига мансуб минглаб кишилар яшайди. Уларнинг кўплари ҳаётда ўз ўрнини топиб, олим, мутахассис, таниқли спортчига айланишди. Биз улар учун хурсандмиз. Улар ўз юртларини унутишмайди, доим ардоқлашади, Республика ва миллат шаънига доғ туширадиган ишларни қилишмайди. Ҳақиқий чеченнинг ўғли шундай бўлмоғи лозим”, дейди Қодиров куюнчаклик билан.