...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қотилликни “жомадонда яширган” ўзбекистонлик фуқаро 13 йилга қамалди


13:42, 15.09.2017 Олам
 10 221

Ўзга юртларда ишлаб юрган ўзбекистонлик фуқарони жиноятга, қотилликка ундаган нарса нима? Аҳлоқсизлик эмасми? Спиртли ичимликлар ичиш касофати эмасми?

Россия Федерациясининг Владимир вилоятида вақтинча ишлаб, маълум муддат яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси содир этган жиноят иши бўйича иш бошлаган суд ҳукми эълон қилинди.
 
Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг интернет нашри хабар бермоқда.
 
Маълум бўлишича, Хурсандбек Алиёров исмли ўзбекистонлик шахс 30 яшар аёлни қасддан ўлдириб, жиноят изини яришиш мақсадида унинг жасадини чемоданга солинган ҳолда йўл четидаги ўрмон ичкарисига ташлаб кетган.
 
Ўтган йилнинг 14 июль санасида маҳаллий кишилардан бири ўрмон ичкарисидаги овлоқ жойда қонга беланган жомадонни топиб олиши билан бошланган ушбу воқеа бўйича тергов ишлари бошлаб юборилган эди.
 
Жиноят қурбони бўлган аёлнинг 10 яшар боласи етим қолганлиги, аёлнинг ўзи яхши оиланинг, яъни меҳнат фахрийлари бўлган ота-онанинг фарзанди эканлиги айтилмоқда. 
 
Воқеалар “занжири” қуйидагича баён қилинган...
 
Бир нафар ўғли бўлган россиялик аёлнинг никоҳсиз турмуш ўртоғи Москва шаҳрига ишлаш учун кетиб қолади. Улар орасидаги муносабатлар бузилгач, аёл Владимир вилоятидаги пишириқлар цехида 2005 йилдан бери ишлаб келаётган ўзбекистонлик Хурсандбек Алиёров билан танишиб қолади.
 
Хурсандбек Алиёров аёл билан “ишқий муносабатлар” ўрнатишга ҳаракат қилади. Аёл эса Москвада ишлаётган “собиқ йигити” билан телефон орқали жанжаллашиб қолган пайтларда Хурсандбек билан “муносабатлар”га изн беради. Бошқа пайтларда эса “муҳожир ошпаз”нинг ташрифларини рад этиб юрган.
 
Шундай кунларнинг бирида Хурсандбек Алиёров аёлни ўзининг ижарадаги уйига таклиф этади. Аёл рад этгач, уни сайр қилишга, сўнг ресторанда тамадди қилишга кўндиради. Спиртли ичимликлар таъсирида бўлган “ошиқ-маъшуқлар” Хурсандбекнинг ижара уйига келишади...
 
Айш-ишрат давом этаётган бир пайтда аёлнинг Москвадаги “собиқ хуштори” қўнғироқ қилади ва аёл у билан телефон орқали муносабатларига “чек қўяди”. Хурсандбек ҳам телефон орқали “рақиби”ни сўкиб, аёл энди уники эканлигини таъкидлайди.
 
Орадан бир неча соат ўтгач, аниқроғи спиртли ичимликларнинг меъёри ҳаддан зиёд ошиб кетгач, Хурсандбек ва унинг “маъшуқаси” ўртасида жанжал юзага келади.
 
Кондитерлик цехи ошпази аёлга пичоқ билан 28 марта турли даражадаги тан жароҳати етказади. Сўнг маст ҳолатда воқеа жойида ухлаб қолади.
 
Вақт ярим тундан оққандан сўнг уйғонган қотил нима иш қилиб қўйганини англаб, тезда жиноят изларини йўқотишга ҳаракат қилади. Тонгда цех бошлиғидан ишга чиқмасликка изн сўраб, йирик йўл жомадони сотиб олади-да, танишига гўёки “ўлиб қолган итини” аҳлатга олиб боришга ёрдам сўраб чақиради.
 
Суд мажлисида 37 ёшли Хурсандбек Алиёров Россия Федерацияси қонунларига биноан айбдор деб топилиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.
 
Шу ўринда савол туғилади? Ўзга юртларда ишлаб юрган ўзбекистонлик фуқарони жиноятга, қотилликка ундаган нарса нима? Аҳлоқсизлик эмасми? Спиртли ичимликлар ичиш касофати эмасми?
 
Аёл-чи? Аёл ниманинг қурбони бўлди? У ҳам аҳлоқсизлик ва ишрат қурбонига айланмадими?
 
Тўғри, юқоридаги воқеалар баёни тергов ҳужжатларига асосланган. Бу ерда бошқа баҳона-сабаблар, турли важлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас...
 
Бироқ, нима бўлганда ҳам жиноят содир этилди, бир инсон ўзга юртда панжара ортида, бир аёл аянчли ўлим топди, бир бола етим қолди, яна бир нечта инсонларнинг ҳаёти қайғуга тўлди...
 
Огоҳ бўлинг, ватандош!
Улуғ БЕК

Теглар:Қотиллик Россия Федерацияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!