Чилонзор тумани прокурори Мубинабону ва унинг вояга етмаган акасининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритди.
Маълумотларга қараганда, ўз қизини аёвсиз калтаклаётганини видеога олган ота ушбу видеони интернет орқали унинг онасига, яъни турмуш ўртоғига жўнатган. Видео шу тариқа тарқалган.
Жажжи Мубинабонуни шафқатсизларча калтаклаган отага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноий иш қўзғатилган эди.
Кейинроқ, Чилонзор тумани прокурори Мубинабону ва унинг вояга етмаган акасининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритди. Болага шафқатсиз муносабати боис Х.А Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида мазкур жиноят ишига оид очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Судланувчи сўнгги сўзида қилмишидан қаттиқ пушаймон эканини, аслида фарзандларини яхши кўриши, ўша видеони икки йил давомида хорижда ишлаётган турмуш ўртоғини қайтариш мақсадида тасвирга туширганини айтди. Шундай қилсам, зора аёлим болаларига раҳми келиб қайтар, деган ниятда эдим, деди у.
Суд мажлисида иштирок этган судланувчининг қариндошлари сўзларига кўра, қизчанинг онаси у ҳали икки ёшга тўлмасдан уни отасига ташлаб, ўзи Туркия давлатига ишлашга кетган. Ота қизчаси ва ундан каттароқ бўлган ўғлига ўзи қараб келган. Аёлининг хорижда ёмон ишлар билан шуғулланганини билгач эркакнинг сабр косаси тўлган, деб ёзмоқда ЎзА.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Дилмурод Валиевнинг берган маълумотларига қараганда, айбланувчи Жиноят кодексининг 110-моддасида назарда тутилган яъни “Қийнаш” билан боғлиқ жиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этган. Жазо тайинлашда барча ҳолатлар инобатга олинган. Судланувчининг аввал ножўя қилмишлар содир этмагани, яъни судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, аслида болалари тақдирига бефарқ эмаслиги кабилар жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳоланган. Х.А олти ойга озодликдан маҳрум этилган.