Жиноят кодексининг маълум моддаларига ўзгартиришлар киритилди.
Жорий йилнинг 4 апрелидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда “Norma.uz” хабар қилди.
Қонунга кўра:
Қонунга кўра:
- Биринчидан, эҳтимолий жабрланувчилар доираси кенгайтирилди. Илгари гумон қилинувчига, айбланувчига, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар қийноққа солиш деб эътироф этилар эди.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар, маҳкумлар, судланувчилар шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари эътибордан четда қолдирилган эди.
- Иккинчидан, жавобгарликка тортиладиган шахслар доираси кенгайтирилди. Шу пайтгача унга суриштирувчилар, терговчилар, прокурорлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёхуд жазони ижро этиш муассасаларининг бошқа ходимлари кирар эди. Тергов изоляторлари, ҳарбий тузилмалар ва бошқалар “тушиб қолган эди”. Эндиликда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки исталган бошқа давлат органининг ходимлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бундан ташқари, низоли жиҳат бартараф этилди. Айримлар бевосита давлат органининг ходими томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф содир этилган бошқа ҳаракатларни қийноққа солиш деб ҳисоблар эди.
Энди аниқ белгиланишича: унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан бундай қилмишнинг содир этилиши ҳам Жиноят кодекси бўйича қийноққа солиш, деб баҳоланади.
Ҳақиқатда бу – қийноққа солиш факти ҳақида билган, бироқ тегишли чораларни кўрмаган барча давлат органларининг ходимлари жиноятчи деб ҳисобланишини англатади.
- Учинчидан, жиноят даражасини белгиловчи янги аломатлар киритилди – 2 ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; ҳаётга ва соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган ашёлар қўлланилиб; далилларни сохталаштириш мақсадида қийноққа солиш.
- Тўртинчидан, санкциялар кучайтирилди. Қийноққа солиш учун 3 йилдан 7 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо белгиланди.
Агар ушбу ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Таъкидлаш керакки, Жиноят кодексининг 235-моддасига тузатишлар киритилгунга қадар унда қатор расмий тўсиқлар мавжуд бўлиб, улар бир қанча ҳолларда қийноққа солишда шерик бўлган шахсларни айни мазкур модда бўйича жавобгарликка тортиш имконини бермас эди. Эндиликда чекловлар бартараф этилди.
Икром Раҳмон