Уй-жойларнинг биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли икки ва уч қаватли кўп квартирали уйларда икки хонали квартираларнинг қиймати 72-85 миллион сўм бўлиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уйларга бўлган эҳтиёжлари асосида имтиёзли кредит беришнинг юқори даражадаги шартлари жорий этилмоқда.
“Янги дастур бўйича биринчи ва иккинчи турдаги ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли уйларни қурувчилар учун бошланғич бадал 15 фоизни ташкил этади. Уларни молиялаштиришга 2017 йилда 2 триллион 121,5 миллиард сўм йўналтирилади. Уй-жойларнинг биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли икки ва уч қаватли кўп квартирали уйларда икки хонали квартираларнинг қиймати 72-85 миллион сўм бўлиши режалаштирилмоқда. Уч хонали квартираларнинг қиймати 88,5-100,7 миллион сўм атрофида бўлади”, дейди “Қишлоқ қурилиш банк”нинг бошқарма бошлиғи Дилшод Ҳасанов Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида.
Уй-жойларнинг иккинчи турига мувофиқ аҳоли зич жойлашган туманлардаги бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйларнинг қиймати 93,8-101,5 миллион, уч хонали уйларнинг нархи 111,0-118,7 миллион сўм бўлиши мўлжалланмоқда. Уй-жойларнинг учинчи турида ягона блокка бирлаштирилган икки қаватли тўрт хонали уйлар қурилади. Уларнинг қиймати 162,0-181,8 миллион сўмни ташкил этади.
Кўрсатиб ўтилган кўп квартирали уйларни қуришда квартиралар эгаларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳовлида болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар, душ ва бошқалар барпо этиш назарда тутилади. Қишлоқ жойларда арзон уй-жойларни қуришда талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни дастлабки танлаш бўйича тизимнинг очиқлиги ва ишончлилиги тамойилидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайишига ҳамда аҳолининг барча қатламлари учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда.
Анжжуманда қишлоқ жойларда мавжуд намунавий лойиҳаларга қўшимча равишда хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали, аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2-3 хонали, ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали арзон уйларнинг янги намуналари қурилиши бошлангани маълум қилинди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қарори асосида 2009-2016 йилларда Ўзбекистонда уй-жой, ижтимоий ва коммунал объектлар, коммуникацияларни барпо этиш борасида аниқ мақсадли ишлар бажарилди. Натижада қишлоқ жойлардаги 1 минг 308 турар жой массивида 69 минг 557 шинам уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.