Фожиа туфайли жами 32 киши вафот этган, 75 дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилмоқда.
Мексика пойтахтидан шимолдаги Тультепек пунктида жойлашган мушакбозликда қўлланиладиган воситалар ишлаб чиқарувчи завод маҳсулотлари сотиладиган йирик бозорда содир бўлган портлаш туфайли дастлаб 9 киши ҳаётдан кўз юмгани, 70 дан ортиқ киши турли даражадаги тан жароҳатлари олгани ҳақида маълумот берилганди.
Орадан 1 кун ўтиб, кўрсаткичлар ошди. Фожиа туфайли жами 32 киши вафот этгани, 75 дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, яна 46 киши шифохонада ётибди. Улардан бир нечасининг аҳволи шифокорлар томонидан оғир, деб баҳоланмоқда.
Бугун, 22 декабрь куни Мексика ҳукумати портлаш натижасида жароҳатланган бир нечта болани даволаниш учун АҚШга жўнатмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар қилди.
Болаларнинг даволаниши учун кетадиган маблағни Мексика ҳукумати ўз бўйнига олган.
Маълумотларга кўра, АҚШга жўнатилаётган болалар орасида танасининг тепа қисмидан 40 фоизи куйган 13 ёшли болакай ҳам бор. У Техас штатининг Галвестон шаҳрига жўнатилди. Бу ҳақда минтақа губернатори Эрувиеэль Авила хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, портлашга нима сабаб бўлгани ҳали аниқланмаган. Тультепекда бу каби ҳолатлар мунтазам содир бўлиб туради. 2016 йилда ушбу ҳудудда 3 марта портлаш юз берди. Бироқ 20 декабрда содир бўлган портлаш улар ичида энг йириги сифатида қайд этилди.