
МСК оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларни аккредитациядан ўтказиш жараёнига якун ясади.
Қирғизистондаги президентлик сайлови шу йилнинг 15 октябрь кунига белгиланган, номзодларни рўйхатдан ўтказиш 15 июндан буён давом этмоқда. Қирғизистон конституциясига биноан давлат президенти бир марта олти йилга сайланади. Битта фуқаро бир маротаба бу лавозимга сайлана олади. Президентликдан кетаётган Алмазбек Атамбоев бир неча маротаба ўзининг ўрнига ворис тайёрламаётганини таъкидлаган.
“МСК оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларни аккредитациядан ўтказиш жараёнига якун ясади. Аккредитациядан 258 ОАВ, шулардан 56 теле ва 29 радиокомпаниялар, 116 босма ва 57 интернет нашрлари ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Умуман олганда, МСКга 260 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан иккитаси ҳужжатларидаги муаммо туфайли аккредитациядан ўтказиш рад этилди. Сайловолди ташвиқот ишларида фақатгина республикадаги ОАВ иштирок эта олади, деб эслатиб ўтди МСК.
Бугунги кунгача Қирғизистон президентлигига номзод сифатида 18 нафар фуқаро ариза топширган. Марказий сайлов комиссиясига 15 нафар фуқаро ариза ва 3 та сиёсий партиядан номзодлар кўрсатилган. Номзодлар 26 август санасигача халқдан 30 мингта имзо йиғиб чиқиши лозим бўлади ва МСК ҳисобига 1 миллион сомони (тахминан 15 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағ ўтказиши керак. Шу билан бирга давлат тилини билиш ҳақида тест синовидан ўтиши лозим.