Ўзим – ўзимга хон, кўланкам – майдон қабилида иш тутадиган айрим хонандалар журналист, мухлисларнинг фикр-мулоҳазалари, танқидларини писанд қилмай плагиатга кетма-кет қўл ураётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ёдингизда бўлса, бундан бироз аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Жавоб бер” номли қўшиғи Том Боксер ва Антониянинг “Морена” қўшиғига жуда ўхшаши ҳақида мақола чоп этган эдик. Ушбу мақола хонанда Райҳон Ғаниева, қўшиқ муаллифлари Сарвар ва Комил билан таҳририятимиз ўртасидаги муносабатларнинг чигаллашувига сабаб бўлганди. Сарварнинг талаби билан икки қўшиқ бир-бирига қанчалик ўхшаши ҳақида тажрибали мутахассисларнинг фикрларини тақдим этган этган. Унда Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби Ойдин Абдуллаева “Жавоб бер” ва “Морена” ўртасида 90 фоиз, бастакор Шуҳрат Зокиров 50 фоиз, Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси аъзоси Игорь Пинхасов эса 10-15 фоиз ўхшашлик бор, деб айтишган эди. Озарбайжонлик хонанда ва бастакор Аҳмед Мустафоев “Жавоб бер” қўшиғини “очиқдан-очиқ плагиат”, – деб атаганди.
Орадан кўп ўтмай синчков муштарийларимиз бу қўшиқнинг навбатдаги эгизагини топишга ёрдам беришди. Уларнинг йўллаган хабарларига қараганда, хонанда Лола Йўлдошева томонидан 2013 йилда тақдим этилган “Энди йўқ” қўшиғи ҳам Том Боксер ва Антониянинг “Морена”сига ва албатта, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Жавоб бер” номли қўшиғига жуда ўхшайди. Қўшиқларни тинглаб кўриб, муштарийларимизнинг фикрида жон борлигига, улардаги ўхшашлик ҳақиқатан ҳам жуда юқори эканига амин бўлдик. Сайтимизнинг доимий эксперти Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири Ойдин Абдуллаева ҳам бизнинг фикрларимизни тасдиқлади. Тўғри, қўшиқлардаги ўхшашликларни оддий тингловчи бир эшитгандаёқ пайқаши қийин, бироқ унга синчковлик билан эътибор берсангиз, айтилган гапларда жон борлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Маълумотларга қараганда, Райҳон Ғаниева ижросидаги “Жавоб бер” ва Лола Йўлдошева ижросидаги “Энди йўқ” қўшиқларининг сўзи ва мусиқаси Сарвар ва Комилга тегишли.
Қўшиқларни тинглаб, учала қўшиқ қанчалик бир-бирига ўхшашини ўзингиз текшириб кўринг.