Қўшкўл қишлоғи яшовчи фуқаро 54 туп ноёб Зарафшон арчасини қурилаётган хусусий савдо дўкони омборхонасининг томини ёпишга ишлатиб юборган...
Интернетда “Зарафшон арчаси” деб сўров бериб кўринг. Натижада: “секин ўсувчи”, “узоқ яшовчи” (600-700 йил, 2000 йил) ва “минтақа иқлими ҳамда табиий шароитларига ижобий таъсир кўрсатувчи” деган сифатларга кўзингиз тушади. Айниқса, арча ўрмон шох-шаббаси билан ёғингарчиликни 60–70% ушлаб қолиб, аста-секинлик билан ер остки сувларига ўтказиши муҳим аҳамият касб этади.
Қисқаси, ЎзА хабар беришича, Қашқадарё вилояти Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан Қамаши туманининг Қўшкўл қишлоғи ҳудудида рейд ўтказилган.
Рейд давомида Қўшкўл қишлоғи яшовчи Абдумурод Ибатов 54 туп ноёб Зарафшон арчасини ўзбошимчалик билан, ҳеч қандай рухсатсиз кесиб, қурилаётган хусусий савдо дўкони омборхонасининг томини ёпишга ишлатгани аниқланган.
“Қашқадарё тижорат-савдо” масъулияти чекланган жамиятида мудир лавозимида фаолият юритиб келаётган Абдумурод Ибатов бу билан ўсимлик дунёсига 68 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида Абдумурод Ибатов ўз айбига иқрор бўлмасдан, “Устунлар эски эди, уларнинг 32 тасини бир неча йил илгари қишлоқдошим молхонаси бузилган пайтда чиққан ёғочлар орасидан олганман”, деб туриб олди.
Бироқ ҳеч қандай баҳона-ю важларга ўрин қолмади — экспертлар ноёб арча дарахти янги кесилганини қайд этишди. Ўзбошимча дўкондорнинг айби тўпланган бошқа бир қатор далиллар орқали ҳам ўз исботини топди.
Суд ҳукми билан судланувчига икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Амнистия сабаб, у тайинланган жазодан озод этилди. Бироқ, арчалар кесилиши оқибатида етказилган зарар айбланувчидан ҳудудий Биоинспекция ҳисобига ундириладиган бўлди.
Хўш, хабарда айтилган 68 миллион сўмлик зарар судланувчи томонидан қопланди ҳам дейлик. Ноёб дарахтдан “бўшаган” ҳудуд экологияси энди қанча муддатда “тикланади”? Табиий ҳолда битта Зарафшон арчаси униб чиқиб, улкан дарахтга айлангунича қанча вақт сарф бўлади? Табиатнинг “йўқотиши” давлат ҳисобига ундирилиши билан чекланаверса...
Бу ва бу каби ҳуқуқбузарликларга қўл урган кишилар давлат ва қонун олдида тегишли жавобгарликка тортилиши ўз йўлига. Бу каби жиноятларни содир этган ва айрим сабабларга кўра жавобгарликка тортилмай қолган кимсаларнинг қилмиши ҳам алоҳида масала. Бироқ халқ ва келажак авлод олдидаги “қарзини” боғ яратиб узиши — виждон иши эмасми?
Сиз бунга нима дейсиз, азиз муштарий?