Мутасадди ташкилотларга бу ҳақида топшириқлар берилди.
Бугун, 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг “Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, икки ойлик муддатда 2018-2022 йилларда болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади:
Қарорга мувофиқ, икки ойлик муддатда 2018-2022 йилларда болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади:
- болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган китобларни нашр қилишга ихтисослаштирилган нашриётларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;
- болалар ва ўсмирлар дунёқарашини кенгайтириш, уларни эртанги куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида тарбиялашга қаратилган асарлар яратилишини рағбатлантириб бориш;
- яратилаётган янги асарларни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу асарлар муаллифлари иштирокида мунтазам ижодий учрашувлар ташкил этиш;
- болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қилаётган адибларга “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини такомиллаштириш;
- болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қиладиган ёш адиб ва шоирларни тарбиялаш, уларнинг ижод намуналарини чоп этиб бориш.
Халқ таълими вазирлигига:
- умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари учун болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китобларни нашр этиш квоталари ўқувчилар (тарбияланувчилар) сони ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
- квоталар асосида болалар дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг маънавий, интеллектуал оламини бойитишга қаратилган, болалар психологиясига мос адабиётларнинг босқичма-босқич чоп этилишини таъминлаш топширилди.
2018-2019 ўқув йилидан бошлаб болалар ва ўсмирлар ўқиши зарур бўлган адабиётлар рўйхати шакллантирилади.
Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабиётларни арзон нархларда чоп этиш чораларини кўриш юкланди.
Шунингдек, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ҳудудларга китобларни етказиш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилишда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар нархининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича зурурий чоралар кўрилади.
Темур Назаров