Владимир Путин Дональд Трампнинг сайловолди компаниясини молиявий қўллаб-қувватлагани гумон қилинмоқда.
11 сентябрь куни АҚШнинг собиқ биринчи хоними, 2016 йилги президентлик сайловлари иштирокчиси, собиқ номзод Ҳиллари Клинтон АҚШдаги сайловларга Россия аралашгани ҳақидаги фикрларини айтишдан чарчамаяпти. АҚШнинг собиқ Давлат котиби “USA Today” нашрига берган интервьюсида ҳам ушбу масалани кўтарди.
Унинг айтишича, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Дональд Трампнинг сайловолди компаниясини молиявий қўллаб-қувватлаган.
Путин бу ишни Клинтон хонимдан “қасос олиш мақсадида” амалга оширган. Путиннинг қасосига сабаб эса Ҳиллари хонимнинг турмуш ўртоғи, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтоннинг сиёсатидир.
“Мен аниқ биламанки, Путин мени мағлуб бўлишим ҳамда Трампнинг ғалаба қозонишига ҳаракат қилган. Трампнинг сайловолди штаби ва унинг бошқа ёрдамчилари руслар билан алоқалари бор эканини яшириш учун жуда кўп ишлашган”, деди Клинтон хоним.
Ҳиллари Клинтон назарда тутган қасос масаласи НАТОнинг шарққа кенгайишидир. Шарқий Европа мамлакатларининг НАТОга кириши Россияни кучсизланишига сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, Клинтон хоним сайловларда иштирок этиш орзусига чек қўйган, у энди сайловга қадам босмайди.
Аввалроқ, “NBC” телеканали телебошловчиси Мегин Келли билан интервьюда Россия президенти Владимир Путин Россиянинг бошқа давлатлар сайлов жараёнларига аралашуви тўғрисидаги айбловларга жавоб берган эди.