Баҳорнинг ям-яшил ўт-ўланларига “кўклам”, яъни кўк рангли сифат билан муносабатда бўлган ўзбеклар “яшил қоғоз пул” — долларни ҳам “кўк”, “кўки” деб аташади.
Ватанимиз тарихига назар солсангиз, илк ўрта асрларда Африғийлар сулоласи (III асрда) томонидан зарб этилган тангалар, Тупроққалъадан (Хоразм) топилган тождор ҳумкмдор сурати туширилган мис чақалар, X асрнинг иккинчи ярмидаги Сомонийлар сулоласи тангаси, XII аср XIII нинг соф кумушдан зарб этилган кумуш тангалар товар айрибошлаш воситаси сифатида муомилада бўлганини кўришингиз мумкин.
Русия тарихига назар солсангиз, славян халқлари танга пулларининг оммалашуви — давлат тузилиши князликларга бўлиниши авжига чиққан даврда зарб этила бошлаганини кўриш мумкин.
Аксарият чақаларга князнинг сурати туширилган, айримларида унинг нишони, имзоси зарб этилган.
Хуллас, дунё халқлари ҳаётида ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, савдосотиқ тараққий топгани сари пул бирлигининг турли кўринишлари пайдо бўлиб, асрлар давомида такомиллашиб борган.
Қуйида тангачақалар “тараққиётнинг” 10 та кўриниши, ўзига хос лавҳалар кўринишида, эътиборингизга ҳавола этилади.
10-лавҳа: қадимги славян халқлари яшаган ўлкаларида товар айрибошлаш воситаси сифатида металл чақалар ишлатилиши анъанага киргунга қадар унинг ўрнида кунжут уруғи, мўйна, ҳайвон ёғи ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлатилган;
9-лавҳа: рус тилидаги “тилла” (“золото”) сўзининг пайдо бўлиши Император Траян ҳумдорлиги даврида юқори сифатли чақалар ишлаб чиқарила бошланиши билан боғлиқ. Император уларни варварлар (ўзга лаҳжаликлар) учун зарб эттиргани ҳақида маълумотлар мавжуд;
8-лавҳа: қадимги Москва металл чақаларидан бири — “деньга” (рублнинг 1/200 улушига тенг) татарларнинг “теньга”, туркий халқларнинг “танга” сўзидан олинган экан. Бу сўзни яна бир тарихий воқеа — Александир Македонскийнинг (грекча “данака” — “чақа”, “пул” маъносида) юришлари билан ҳам боғлиқ, деб тахмин қилишади;
7-лавҳа: рус ва бошқа славян халқларидаги “рубль” сўзи мусулмонларнинг ҳажм ўлчов бирлигидан келиб чиққан, деган тахминлар мавжуд. Яна бир тахминга кўра, “рубль” бу қимматбаҳо гривна пул бирлигининг бир нечта бўлаги (“бўлак”, “чақа”), яъни чақаси сифатида ҳам аталган бўлиши мумкин. Пётр I даврда бир рубль оғирлиги ярим килограммгача етадиган тўртбурчак мис чақа шаклида бўлган. Ўша даврларда унинг қийматига 200 та олмахон мўйнаси (XIV аср), 27 килограмм гўшт ёки балиқ, 48 килограмм ун ва 41 килограмм туз (XVIII аср) сотиб олса бўлар эди;
6-лавҳа: ярим фунт келадиган кумуш чақани Европада “марка” дея аташган. Шунингдек “марка” сўзи оғирлик ўлчов бирлиги сифатида ҳам қўлланган. Ушбу сўзнинг ўзи эса лотинчадан “чегара” деган маънони англатади. Негаки, маълум пул бирлиги барча князлилару графликларнинг ўз ҳудуди доирасида муомилада бўлган ва чегарадан ташқарида унинг қиммати бўлмаган;
5-лавҳа: ҳиндларнинг рупия пул ўлчов бирлиги — “рупа”, яъни “қорамол” сўзидан келиб чиққан. Илгари бир бош қорамолга товар айрибошлаш бирлиги сифатида мурожаат қилинган. Рупия сўзи ҳозирда Индонезия, Маврикия, Покистон ва ШриЛанкада каби давлатларнинг пул бирлиги маъносини англатади;
4-лавҳа: Хитой “юани” ва Япониянинг “иена” пул ўлчов бирлиги ҳар икки тилдан битта — “юмалоқ чақа” сўзи маъносини беради;
3-лавҳа: қадимда Осиё ва Европа давлатларида зарб этилган тангалар куб, тўртбурчак, белкурак шаклида бўлган. Кейинчалик, юмалоқ қолиплар ихтиро қилингач, айлана шаклдаги, оғирлиги бирбиридан бир оз фарқ қиладиган, таркиби соф кумуш ёки мис, айрим ҳолларда тилладан бўлган тангалар зарб этилган;
2-лавҳа: Библияда ёзилишича, Исроил “шекель” пул бирлигининг пайдо бўлиши жуда қадим тарихга бориб тақалади ва у Вавилоннинг “сикл” деб аталган оғирлик ўлчов бирлиги билан боғлиқ экан. Дарвоқе, соф кумушдан ясалган қадимги тангалар Фаластиннинг Тира шаҳри тарихига (милодий I аср) бориб тақалар экан. Ўша замонларда 30 та кумуш тангага энг “арзон қул”ни сотиб олса бўлар экан;
1-лавҳа: 1776 йилда Америкада биринчи бўлиб қоғоз пул — яшил рангдаги “доллар” чоп этилди. Америкаликлар уни “яшил қоғоз” деб атай бошладилар. Баҳорнинг ям-яшил ўт-ўланларига “кўклам”, яъни кўк рангли сифат билан муносабатда бўлган ўзбеклар “яшил қоғоз пул” — долларни ҳам “кўк”, “кўки” деб аташади.