Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
“Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини
кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Халқ билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар лицензия ва рухсатнома бериш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатишни самарали ташкил этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб келаётганини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун ҳанузгача турли давлат органларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмаяпти, кўпчилик давлат хизматлари, афсуски, ҳали ҳам анъанавий усулларда, қоғоз шаклида кўрсатилмоқда.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, “ягона дарча” маркази каби институтлар давлат хизматларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда давлат органларининг тадбиркорлик тузилмаларига ўз вақтида кўмаклашишга доир фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур соҳада тадбиркорлик субъектлари кўтарган долзарб муаммо ва таклифлар, ўтказилган ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатлари вужудга келишига йўл қўймасликка, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.
Қарорга мувофиқ туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда. Бу эса “ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради.
Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказлари зиммасига юклатилмоқда. Бундай чора тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими ўрнига янги, яхлит тизимни яратишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “ягона дарча” марказлари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.
Мазкур вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Давлат хизматларини кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, жойларда эса унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.
“Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўрсатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда.
Мазкур комиссиялар тизимли равишда, шу жумладан жойларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва давлат хизматларининг сифати, очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган зарур чораларни кўриш билан шуғулланади.
“Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти сансалорликларнинг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларининг вақти ва моддий сарф-харажатларини тежашга кўмаклашди.
Ана шундай ижобий амалиётни янада кенгайтириш мақсадида қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари юқоридаги лицензия ва рухсатномаларни олиш учун бошқа идораларга бормасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган “ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. “Ягона дарча” марказлари барча зарур келишиш тартиб-таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади.
Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб “ягона дарча” марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бунда берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси орқали олиш имконияти яратилади.
2017 йилнинг I чорагидан ишга тушириладиган “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси:
тегишли давлат органига бормасдан туриб, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини электрон шаклда олишга;
рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги, шунингдек рухсатнома ва лицензиялар реестридаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланишга;
“ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича рухсатнома ва лицензия бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва натижасини, қаерда ва қай тарзда мурожаат этганидан қатъи назар, кузатишга имкониятлар яратади.
Қарорни амалга ошириш, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишни янги сифат босқичига кўтаришга, аҳолининг давлатга нисбатан ишончини оширишга, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояни ҳаётга жорий этишга кўмаклашади.