Шавкат Мирзиёев: “Мен қаерга борсам, шу гапни такрорлайман: халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум, барака бўлади. Одамларнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир”.
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туробжон Икромович Жўраевни Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинлагани ҳақида хабар берган эдик.
Эътиборингизга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқининг матнини ҳавола этамиз.
Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!
Муҳтарам Самарқанд аҳли!
Бугун мен учун қадрдон бўлган, муқаддас Самарқанд заминида сиз, азизлар билан учрашиб, барчангизни соғ-саломат, яхши кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, қадрдонларимга, сизлар орқали меҳнаткаш, мард ва олижаноб Самарқанд аҳлига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Энг муҳими, шу кунларда давлатга пахта сотиш бўйича шартнома мажбуриятини мамлакатимизда биринчилар қаторида вилоятнинг барча туманлари бўйича бажариб, 217 минг тоннадан зиёд улкан хирмон бунёд этганингиз билан сизларни, бутун Самарқанд аҳлини чин қалбимдан самимий табриклайман.
Айниқса, ҳар гектар ердан 45–55 центнердан пахта ҳосили йиғиб-териб олган Иштихон туманидаги “Омонбой Фармонов”, Нарпай туманидаги “Абди Ёвқоч”, Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил”, Пахтачи туманидаги “Мирзаев Шуҳрат” каби фермер хўжаликларининг номларини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.
Вилоят деҳқонларининг бошқа тармоқлар бўйича ҳам йилни ёруғ юз билан якунлаётганидан хабардорман.
Сиз, азизларга, бутун Самарқанд элига фидокорона меҳнатингиз учун чуқур миннатдорлик билдириб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, қувонч ва шодлик тилашга рухсат этгайсиз.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Бугунги сессия ташкилий масала билан бирга, Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, бу йўлда эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, келгуси икки йилда олдимизда турган асосий вазифаларни муҳокама қилишга бағишланган.
Сизларга яхши маълум, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар “Ҳамма нарса инсон манфаатлари учун” деган эзгу мақсадга қаратилган. Шу мақсад йўлида халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш барчамиз учун асосий фаолият мезонига айланиб бораётгани амалда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Оддий юртдошларимиз бугун ҳаётдаги ўзгаришлардан рози бўлиб, мамнун бўлиб гапираётгани, ўзлари ҳам ана шу ўзгаришларнинг иштирокчисига айланиб бораётгани — бу бизни қувонтиради. Ҳақиқатан ҳам, халқимиз бугун ҳаракатга келди. Одамларда ишонч пайдо бўлди. Давлат органлари халққа, халқимиз эса ўз олдига қўйган мақсадларга қараб интила бошлади.
Мен қаерга борсам, шу гапни такрорлайман: халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум, барака бўлади. Одамларнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир.
Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий дастурлар ва инвестиция лойиҳалари ҳам айнан ана шу мақсадларга қаратилгани билан эътиборлидир.
Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, умумий қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмлик 321 та йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Ўтган даврда вилоятда 24 та йирик корхона ишга туширилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида йилига 8 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти йўлга қўйилди. Жомбой туманида 300 гектар ёнғоқзор барпо этилди. Самарқанд туманида 1 миллионта парранда боқиладиган хўжалик ташкил этилди. Йил охирига қадар яна 20 та йирик корхона ишга туширилади.
Албатта, бу корхоналарнинг ҳар бири ҳақида, улар чиқараётган маҳсулотлар тўғрисида кўп гапириш мумкин. Лекин сизлар бу ишларнинг бевосита иштирокчиси бўлганингиз учун мен фақат бир-иккита мисол билан чекланиб ўтмоқдаман.
Энг муҳими, бу корхоналарнинг барчаси ички бозоримиз учун, одамларимиз учун керакли маҳсулотлар чиқариб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим томони шундаки, бу лойиҳаларнинг ҳаммаси тадбиркорларнинг ташаббуси билан, уларнинг ўз маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Биз уларга молиялаштириш ва рухсат бериш, қулай имконият яратиш бўйича ёрдам бермоқдамиз, холос.
Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2–3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, деб айтган гапларимни бугун ҳам такрорлашдан чарчамайман. Мана, Самарқанднинг ўзида шунча корхоналар очилиб, минг-минглаб иш ўринлари яратилаётган экан, бунинг учун вилоятдаги барча кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига чин юракдан раҳмат айтмоқчиман.
Ҳақиқатан ҳам, халқ, давлат ниманинг ҳисобидан бой ва қудратли бўлади? Энг аввало, шу йўлда кучини, билим ва тажрибасини, керак бўлса, молию жонини аямайдиган сизлардек тадбиркорлар ҳисобидан.
Бизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида олиб бораётган ислоҳотларимизни жаҳон ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар тан олаётгани — бу аввало сизларнинг меҳнатингизга берилган баҳодир. Шахсан мен шундай деб ҳисоблайман.
Агар сизлардан ҳаракат бўлмаса, фақат фармон ва қарорлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шунинг учун мен тадбиркор — бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи, деб айтишга, сизларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрман.
Яқинда Жаҳон банки томонидан ўтказилган бу йилги бизнес соҳасидаги халқаро рейтинг ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар эълон қилди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 13 поғона юқори кўтарилиб, 190 та мамлакат орасида 74-ўринни эгаллади. Бу борада жаҳондаги энг илғор 10 та ислоҳотчи давлат қаторидан жой олдик. Бу — жуда катта ютуқ, жуда катта эътироф.
Шу билан бирга, мен куни кеча Жиззахда Шароф Рашидов хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтдим: биз ҳали катта йўлнинг бошида турибмиз. Эндигина биринчи қадамларни ташлаяпмиз, холос.
Нафақат бизнес, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турганини, ечилмаган муаммолар ҳам кўплигини очиқ тан олишимиз керак.
Масалан, бизнес соҳасида жорий этилаётган янгиликлар жойларда, жумладан, Самарқанд вилоятида қандай қўлланмоқда, тадбиркорлар берилаётган енгилликларни амалда сезмоқдами ёки йўқми, деган саволларга, афсуски, тўла ижобий жавоб тополмаймиз.
Шу муносабат билан барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантириб айтмоқчиман: тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш — бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади.
Барчамиз бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз шарт: тадбиркорлик ва ишбилармонлик хусусиятлари аввало ёшларга хос фазилат ҳисобланади. Демак, тадбиркорликка йўл очиш — авваламбор ёшларга, келажакка йўл очиш демакдир.
Қайси раҳбар шуни тўғри тушунса, албатта у бошқараётган тармоқда, ҳудудда самара, натижа бўлади. Ким буни тушунмаса, яхшиси, у ўз ўрнини бўшатиб қўйгани маъқул. Чунки нафақат ёшлар, балки замон ҳам энди бундай раҳбарларни қабул қилмайди.
Маълумки, Самарқанд вилояти замонавий, яхши ривожланган ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация, ижтимоий инфратузилмаларга эга экани, инсоний ва интеллектуал салоҳияти билан бошқа кўпгина ҳудудларимизга нисбатан устун туради. Яъни, Самарқанддаги имконият ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас.
Лекин, афсуски, ана шундай улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишда вилоятда оқсоқлик бор. Бу — ҳақиқат ва буни очиқ айтишимиз керак.
Бошқа ҳудудларга борсангиз, раҳбарлар имконият қидириш билан овора эканини кўрасиз. Бу ерда эса вилоятнинг собиқ биринчи раҳбари Ҳиммат Оқбўтаевда ташаббуснинг йўқлиги ва бефарқлиги туфайли бор имконият ҳам ишга солинмади. Оқибатда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши анча секинлашди. Бу борадаги кўрсаткич шу йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича 5,3 фоизни ташкил этган бўлса, вилоятда 3,4 фоизни ташкил этгани ҳам буни кўрсатиб турибди.
Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 24 фоиз атрофида бўлиб, бу мамлакатимиздаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Боя мен бу ердаги катта имкониятлар ҳақида бекорга гапирганим йўқ. Шунинг учун бундай рақам билан кифояланиб юриш Самарқанд вилоятига мутлақо ярашмайди.
Вилоятда саноатнинг энг ривожланган тармоғи — истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳаси ҳам бир жойда тўхтаб, депсиниб турганини, мана, шу соҳанинг раҳбарлари ўтирибди бу ерда, улар буни қандай изоҳлайди?
Сизлар нима учун бу масала билан қизиқмайсизлар? Бу фақат вилоятнинг муаммоси эмас. Ички бозоримизни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт қилиш — бу барчамизнинг ишимиз.
Халққа энг яқин яна бир соҳа — хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ўсиш секинлашгани кузатилмоқда. Экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларини бажариш масаласида ҳам саволлар кўпайиб бормоқда.
Шу сабабли ушбу сессия арафасида тегишли вазирликлар, компания ва банклар раҳбарларини Самарқанд вилоятига юбордик. Улар бу ерда ўн кун мобайнида қўшимча резервларни аниқлаб, конкрет инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланди. Бу ишларнинг натижаси сифатида қўшимча инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олган янги Дастур лойиҳаси шакллантирилди.
Дастурга мувофиқ 2018–2019 йилларда Самарқанд вилоятида умумий қиймати 4 триллион 200 миллиард сўм бўлган 321 та йирик лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 11 мингта янги иш ўрни яратилади.
Бу лойиҳалар асосан қуйидаги асосий йўналишлар бўйича жорий этилади.
Биринчидан, енгил саноатда умумий қиймати 1 триллион 400 миллиард сўм бўлган 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва 3 минг 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Бунда асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаб, рақобатдош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилади.
Натижада вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси бугунги 20 фоиздан 2018 йилда 60 фоиздан ошади, 2019 йилда эса 100 фоизга етказилади.
Иккинчидан, юқори технологияларга асосланган машинасозлик, электротехника ва фармацевтика каби замонавий соҳаларда умумий қиймати 715 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилади.
Масалан, Оқдарё туманида “Вакцина фарм медикал” корхонасида йилига 12 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона барпо этилади.
Учинчидан, маҳаллий хомашё асосида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 407 миллиард сўмлик 33 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади.
Мисол учун, Пастдарғом туманидаги цемент корхонасида йилига 560 минг тонна цемент, темир йўл таъмирлаш корхонасида 10 минг тонна графит ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Тўртинчидан, Самарқанд заминида етиштириладиган ширин-шакар мевалар, сабзавот маҳсулотларининг довруғи бутун дунёга яхши маълум. Афсуски, бизда уларни замонавий қайта ишлаш, сақлаш ва истеъмолчига етказиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилмагани учун бу бойликнинг катта қисми қишга етмасданоқ йўқ бўлиб кетади.
Ҳозирги кунда экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат масаласи жаҳон миқёсида қандай долзарб бўлиб бораётганини барчамиз телевидение, Интернет орқали кўриб-билиб турибмиз.
Ана шу масалаларнинг барчасини ҳисобга олиб, юртимизда, жумладан, Самарқанд вилоятида мева-сабзавот етиштириш, уни сақлаш ва қайта ишлашни янада кўпайтириш чораларини кўряпмиз.
Бу борада охирги йилларда вилоятда 9 минг гектардан ортиқ интенсив мевали боғлар барпо этилгани албатта катта иш бўлди.
Жорий йил апрель ойида вилоятга ташриф пайтида берилган топшириққа асосан 1 минг 300 гектар ёнғоқзор, 230 гектар пистазор ва 60 гектардан ортиқ унаби плантациялари барпо қилинди. “Эртанинг ғамини бугундан кўриб қўй” деган нақлга амал қилиб, энди бу боғларнинг мевасини қайта ишлаш, улардан қандай маҳсулотлар тайёрлаш, уларни дунё бозорига чиқариб сотиш ҳақида ўйлашимиз керак.
Нега деганда, маҳсулотнинг бозорини топиш — бу азоб. Бугун дунёда, жаҳон бозорида қандай кучли рақобат ҳукм сураётгани сизларга яхши маълум.
Биз ҳозирги кунга қадар вилоятда ҳосилдорлиги паст бўлган 7 минг 200 гектар ерни пахта ва ғалладан бўшатдик. 2018-2020 йилларда яна 15 минг гектар майдон ғалла ва пахтадан бўшатилади. Бу ерларда боғлар барпо этилади ва юқори даромадли экинлар экилади.
Шу тариқа қишлоқ хўжалигининг таркибий тузилиши ўзгаради, у билан боғлиқ қайта ишлаш тармоқлари, инфратузилмалар ўзгаради. Шу мақсадда келгуси 2 йилда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 519 миллиард сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилади.
Натижада вилоятда қўшимча равишда 6 минг 400 гектар янги боғ, 100 гектар иссиқхона, 24 минг тонналик совутиш камералари барпо этилади, мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 16 фоиздан 31 фоизга етказилади.
Хабарингиз бор, биз яқинда кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва томорқа хўжаликлари бўйича қарор қабул қилдик.
Унга биноан илгариги Фермерлар кенгаши Кўп тармоқли фермер ва томорқа хўжаликлари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди, унинг вазифалари ҳам, ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Энди бу ташкилот амалий ишлар билан ўзини кўрсатадиган вақт келди.
Бешинчидан, чорвачиликни жадал ривожлантириш мақсадида наслли қорамолларни кўпайтириш бўйича 47 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа, паррандачилик бўйича 186 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилади.
Шу тариқа вилоятда чорва моллари сони 1,4 баробар ўсишига эришилади.
Самарқанд туманидаги куркачилик корхонасида 40 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан 300 минг бош курка боқиладиган хўжалик ташкил этилади.
Сизларга яхши маълум, яқинда асаларичиликни ривожлантириш бўйича қарор қабул қилдик. Шу йўналишда Самарқанд вилоятида ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, терини қайта ишлаш, ундан пойабзал ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш бўйича 38 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилади.
Олтинчидан, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 138 миллион долларлик 43 та янги лойиҳа амалга оширилади ва 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.
Яқинда Туркия Республикасига амалга оширган ташрифимиз давомида туркиялик ишбилармонлар билан мазкур иқтисодий зонада ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказдик. Энди ана шу келишувларни амалга ошириш учун биз белимизни қаттиқ боғлаб, янада масъулият билан ишлашимиз керак.
Биз Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Нарпай ва Пастдарғом туманларида бўш турган ва тўлиқ фойдаланилмай ётган саноат объектлари негизида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этишни мўлжаллаяпмиз.
Еттинчидан, юқорида тилга олинган йирик лойиҳалардан ташқари, умумий қиймати 340 миллиард сўмлик 1 минг 700 тага яқин кичик лойиҳалар ҳам амалга оширилади ва 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Иқтисодиёт вазирлиги (С.Бекенов), Марказий банк, Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Т.Жўраев) тегишли вазирлик ва компаниялар билан биргаликда, 20 кун муддатда Самарқанд вилоятида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари бўйича дастур ишлаб чиқиши керак. Унда объектларни ишга тушириш муддатлари, молиялаштириш манбалари, лойиҳа ташаббускорлари ва инвесторлар аниқ белгилаб қўйилиши лозим.
Ҳисоб палатаси (М.Икрамов) ҳар бир лойиҳа қанчалик асослангани, унинг молиявий манбалари кафолатланганми-йўқми, буларнинг барчасини ўрганиб, ўз хулосасини бериши керак.
Ҳурматли дўстлар!
Самарқанднинг улкан туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу борада вилоятда қандай катта салоҳият борлиги ҳақида сизларнинг олдингизда ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Туризм ҳақида гапирганда, бир масалага алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман.
Айрим мамлакатларда хорижий сайёҳлар эътиборини тортишга қаратилган туристик брендлар яратиш учун узоқ йиллар ва катта маблағ сарфлаш талаб этилади. Яъни, улар кўпинча йўқдан бор қилади.
Ҳолбуки, Самарқанд шаҳри учун бутун оламга машҳур брендларни бундан неча асрлар олдин улуғ аждодларимиз яратиб кетганлар.
Ўзингиз ўйланг, Самарқанд шаҳри, Имом Бухорий, Амир Темур, Улуғбек расадхонаси, Ҳазрати Дониёл, Регистон, Шоҳи Зинда ансамбли деган номларнинг ўзи, таъбир жоиз бўлса, жаҳон миқёсидаги машҳур брендлар эмасми?
Гап мана шундай беқиёс обидаларимиз, гўзал табиатимиз, саховатли заминимиз имкониятларидан оқилона фойдаланишда. Уларни дунёга намойиш қилиб, жозибадорлигини оширишда. Бунинг учун замонавий билим ва малака, туризм соҳасининг барча сирларини ипидан игнасигача чуқур билиш, тинимсиз ишлаш, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлиш керак.
Биз бу борадаги ишларимизни юксак босқичга кўтариш мақсадида 2017–2019 йилларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича алоҳида дастур қабул қилдик.
Дастурга мувофиқ Самарқанд шаҳрида сайёҳлар учун махсус “Самарқанд Сити” туризм ҳудудини барпо этиш белгиланди. Янги меҳмонхоналар қуриш, транспорт хизматини яхшилаш, шаҳарни ободонлаштириш, янги туризм хизматларини жорий этиш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Бу борада биз янги, замонавий ёндашувлар асосида иш олиб боряпмиз. Яъни, «Хавфсиз туризм» концепцияси ишлаб чиқилиб, у барча ҳудудларда, жумладан, Самарқанд шаҳрида ҳам кенг жорий этилади. Шу тариқа хорижий ва ички сайёҳлар хавфсизлигини тўлиқ таъминлашга эришамиз.
Бу йўналишда бошлаган тизимли ишларимиз натижасида ҳозирнинг ўзидаёқ ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.
Буни 2017 йилда Самарқанд вилоятига 1 миллион 100 мингдан зиёд, жумладан, 150 мингта хорижий ва 950 мингта маҳаллий сайёҳларнинг келиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, бу сайёҳлар Самарқанд вилоятида турли хизматлар ва товарлар учун жами 480 миллиард сўм сарфлаган.
Ваҳоланки, вилоятдаги барча фермерларнинг йил давомида оғир меҳнат қилиб етиштирган пахтаси ҳисобидан олган фойдаси атиги 52 миллиард сўмни ташкил этади.
Ана шу иккита рақам мисолида ҳам ўзингиз яққол кўриб турибсизки, илгари эътибордан четда бўлган туризм — бутун халқимиз йил ўн икки ой овора бўладиган пахтачиликка нисбатан бир неча баробар кўп даромад келтиради.
Бироқ, пахтачиликни кенгайтиришнинг умуман иложи йўқ бўлгани ҳолда, Самарқанднинг салоҳиятини инобатга олсак, туризмни ривожлантириш имкониятлари чексиздир.
Шу сабабли Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов), вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосари (М.Восиев) Дастурда белгиланган барча чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаши ҳамда 2018 йилда Самарқандга келадиган сайёҳлар сонини 2,5 миллионга, тушумларни эса 1 триллион сўмга етказиш чораларини кўриши керак.
Шунингдек, вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича қуйидаги қўшимча чораларни кўриш зарур.
Биринчидан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” (У.Розуқулов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов):
бир ой муддатда мамлакатимиздаги барча шаҳарлар, жумладан, Самарқанд шаҳри аэропортида хизмат маданиятини ошириш, барча расмиятчилик тартибларини сайёҳлар учун тез ва қулай шароитда амалга ошириш бўйича аниқ чораларни кўриши керак;
икки ой муддатда юртимиздаги халқаро аэропортларда сайёҳлар учун тегишли ҳудуднинг туристик салоҳияти, жумладан, туристик йўналишлар, меҳмонхоналар, кўнгилочар масканлар, транспорт ва бошқа хизматлар ҳақида хорижий тилларда маълумотлар берадиган туризм ахборот марказларини ташкил этиш лозим.
Иккинчидан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов) Самарқанд вилояти ҳокимлиги, тегишли вазирликлар билан биргаликда, бир ой муддатда хорижий сайёҳларга халқимизнинг тарихи ва турмуш тарзи билан танишиш имконини берадиган масканлар барпо этиш, хизмат сифатини янада яхшилаш бўйича қўшимча тадбирлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши зарур. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Амир Темур боғини барпо этиш, бу ерда сайёҳлар ўзини худди темурийлар даврига тушиб қолгандек ҳис қиладиган тарихий-этнографик муҳит яратишни назарда тутиш керак.
Шунингдек, хорижий сайёҳлар учун қизиқарли бўлган анъаналаримиз, хусусан, миллий таомлар, ҳунармандлик ва бой тарихимизни таъсирчан усулларда кўрсатадиган этник-анимацион марказлар ташкил этиш лозим.
Учинчидан, Дин ишлари бўйича қўмита (О.Юсупов) Ўзбекистон мусулмонлари идораси (У.Алимов) билан биргаликда мамлакатимиздан ҳаж ва умра зиёратларига борадиган фуқаролар учун аниқ режа асосида дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишни ташкил этиши керак. Улар муборак сафарларга нафақат оддий зиёратчи, айни пайтда буюк аждодларимиз меросини, элимиз, юртимизни тарғиб этадиган инсонлар сифатида борсалар, нур устига нур бўларди.
Биз, мана, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этмоқдамиз. Бу лойиҳага бутун ислом дунёсида қизиқиш катта. Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессиясида ҳам шу ҳақда гапирдик.
Албатта, бундай марказни барпо этишдан мақсад фақат туристлар сонини кўпайтириш, иқтисодий фойда олиш эмас. Бизнинг мақсадимиз — Қуръони каримдан кейин энг мўътабар манба бўлган энг ишончли ҳадислар тўпламини яратган Имом Бухорий бобомизнинг қутлуғ мероси билан халқимиз, аввало ёшларимизни таништириш, уларнинг қалбида миллий ғурур, фахру ифтихор уйғотишдан иборат.
Мана, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини бунёд этяпмиз. Токи, болаларимиз бошини баланд кўтариб, мен мана шундай улуғ инсонларнинг авлодиман, деб яшайдиган бўлсин, уларга муносиб бўлиб вояга етсин.
Ислом дини — бу террорчилик ва экстремизм дини эмас, аксинча, эзгулик, олижаноблик, бағрикенглик дини эканини айнан мана шундай боболаримиз меросини ўқиб-ўрганиб англаб етсин. Ҳақиқий маърифат билан жаҳолат дунёсини ёритиш — мана, бизнинг мақсадимиз.
Тўртинчидан, Хоразм вилояти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, биз ички туризмнинг янги йўналишини жорий этмоқчимиз. Унга кўра, мамлакатимиздаги йирик хўжалик бирлашмалари, бюджет ташкилотлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимларининг Самарқанд вилоятига саёҳат қилишини тизимли тарзда ташкил этиш лозим.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Инсон манфаатлари ҳақида гапирганда, биз доимо аҳоли деярли ҳар куни мурожаат қиладиган энг муҳим соҳалар — соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, ҳуқуқ-тартибот тизимларида вазиятни яхшилаш ҳақида гапирамиз.
Мен ўзимнинг Президент сифатидаги фаолиятимда шу соҳаларга алоҳида эътибор бераётганим бежиз эмас. Чунки ана шу соҳаларда адолат бўлса, бошқа соҳаларда ҳам адолат бўлади.
Агар ушбу тизимларда тартиб-интизом, инсонга эътибор бўлмаса, ўзингиз айтинг, бошқа соҳалардан нимани кутиш мумкин? Инсонни — инсон, жамиятни — жамият қиладиган айни шу соҳалар, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрни қўллаб-қувватлайсиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқанд вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, қишлоқ жойларда 43 та оилавий поликлиника, шаҳар ва туманларда 47 та ихтисослаштирилган бўлим ташкил этилиб, аҳолига яшаш жойининг ўзида ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани — катта янгилик, ишимиздаги катта силжишдир, десак, тўғри бўлади.
Жорий йилда шифокорлар етишмайдиган туман тиббиёт бирлашмаларига 284 та умумий амалиёт врачи ва 90 та аниқ ихтисослик врачи ишга қабул қилинди.
Мамлакатимиз тиббиёт тизими учун янгилик бўлган патронаж ҳамширалари сони 33 фоизга кўпайиб, аҳолини патронаж тизими билан қамраб олиш кенгайди.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ходимлари вилоятга юборилиб, улар томонидан 6 минг 200 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 90 та ёки ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўп юқори технологик операциялар амалга оширилди.
Тез тиббий ёрдам шохобчалари қўшимча 100 та автомобиль билан таъминланди, уларнинг дори воситалари билан таъминланиши ўртача 2-3 баробар оширилди.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Лекин бу ишлар ҳали фақат биринчи қадамлар, холос. Бу масалада бизни фақат рақамлар эмас, балки одамлар ҳаётидаги ўзгариш, сифат ўзгариши қизиқтиради. Шу маънода, очиқ айтаман, вилоятда бу соҳада камчиликлар кўп.
Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойи давомида гўдаклар ўлими ўтган йилга нисбатан 17 тага ошиб, 435 тани ташкил этган. Оналар ўлими ҳам 16 фоизга кўпайган.
Вилоятда онкологик касалликлар билан ҳисобга олинган беморларнинг 62 фоизи касалликнинг учинчи ва тўртинчи босқичларида, яъни, жуда кеч аниқланган. Шифокорлар томонидан профилактика кўрикларига ва онкологик касалликлардан огоҳлантиришга етарли эътибор қаратилмагани, бепарволикка йўл қўйилаётгани бундай ҳолатларга асосий сабаб бўлмоқда.
Вилоятда бугунги кунда 681 та врачлик ўрни бўш турибди. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида 384 та шифокор ўрни бўш.
Бу муаммони ҳал қилиш учун Самарқанд тиббиёт институтига ва бошқа тиббиёт институтларига қўшимча ўринлар ажратилган бўлса-да, вазият ижобий томонга ўзгармаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан бирга, бир ой муддатда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширсин.
Шунингдек, 2018 йилда Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ, Ургут ва Пахтачи туманларининг тиббиёт бирлашмалари қошида туғруқ бўлимларини ташкил этиш, шунингдек, Самарқанд тиббиёт институтининг туғруқ бўлимида туманлараро перинатал марказ ташкил этиш чораларини кўриш лозим.
Вилоятда ёшларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бирмунча ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, жорий йилда ёш оилалар учун 64 та квартира қуриб битказилиб, ўз эгаларга топширилганини таъкидлаш лозим.
Тарихга назар ташласак ҳам, бугунги кунга қарасак ҳам Самарқанд заминидан кўп соҳалар бўйича қандай буюк, истеъдодли инсонлар етишиб чиққани ва чиқаётганига гувоҳ бўламиз.
Самарқанд ёшларининг илм-фан, маданият ва санъат, айниқса, спорт соҳаларида эришаётган ютуқлари мени жуда қувонтиради.
Жорий йилда ёшлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган Жаҳонгир Воҳидов, муай-тай бўйича жаҳон чепионатида биринчи ўринни эгаллаган Бобур Тожиев, математика фани бўйича халқаро олимпиадада олтин медални кўлга киритган Жаҳонгир Тўраев каби фарзандларимиз бугун барча тенгдошларига ўрнак бўлмоқдалар.
Биз уларнинг тимсолида ёшларимизнинг камол топиши йўлида қилаётган ишларимизнинг самараси ва натижасини кўриб, албатта хурсанд бўламиз.
Айни вақтда бугунги мураккаб ва таҳликали дунёда ёшлар тарбияси биз учун энг муҳим ва долзарб вазифа бўлиб қолаётганини ота-она, устоз-мураббий сифатида ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Шунинг учун ҳам ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим-тарбия масаласида хато қилишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Бу масалада хато қилсак, болаларимиз, фарзандларимизга, Ватанимизга хиёнат қилган бўламиз.
Шу маънода, ёшлар тарбияси, уларнинг ҳаётий эҳтиёж ва талабларини таъминлаш борасида вилоятда муаммо ва камчиликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги ахборот-ресурс маркази бугунги кун талабига жавоб бермайди. Каттақўрғон, Пайариқ ва Тайлоқ туманларида ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун етарли шароитлар яратилмаган.
Вилоятда 488 нафар вояга етмаганлар, жумладан, 138 нафар қиз бола ички ишлар идораларида ҳисобда туриши барчамизни ташвишга солиши зарур.
Шунинг учун вилоят ҳокимлиги (Т.Жўраев), Ёшлар иттифоқи билан биргаликда, биринчидан, Самарқанд шаҳридаги ахборот-ресурс маркази фаолиятини тубдан яхшилаш ҳамда уни замонавий илмий-оммабоп ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўриши лозим.
Иккинчидан, Иқтисодиёт, Молия ва Маданият вазирликлари билан биргаликда Каттақўрғон, Пайариқ ва Тайлоқ туманларида 2018 йилда замонавий кинотеатр ва маданий хордиқ чиқариш масканларини барпо этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш керак.
Учинчидан, шаҳар ва туманлардаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказлари, мусиқа ва спорт мактабларига ёшларни жалб этиш юзасидан 20 кун муддатда аниқ чора-тадбирлар белгилаш лозим.
Биз бу йил таълим тизимида катта ўзгаришларни амалга оширганимиз, жумладан, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этганимиздан барчангиз хабардорсиз.
Бугун ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатмоқдаки, болани мактабгача таълим тизимида тарбияламасдан туриб, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом ёшларни вояга етказиб бўлмайди.
Шу сабабли, жажжи фарзандларимиз онгига болалик йилларидан етук шахсга хос кўникма ва фазилатларни сингдириш мақсадида биз келгуси 3-4 йилда юртимиздаги барча болаларни мактабгача таълим муассасаларига юз фоиз қамраб олиш вазифасини ўз олдимизга қўйганмиз ва уни албатта амалга оширамиз.
Самарқанд вилоятида бугунги кунда 3-7 ёшдаги болалар 272 минг нафарни ташкил этиши, уларнинг атиги 74 минг нафари ёки 27 фоизи боғчага қатнашини ҳисобга оладиган бўлсак, бу масала Самарқанд учун ҳам қандай долзарб экани аён бўлади.
Лекин, афсуски, шунча бола боғчага қамраб олинмаганига қарамасдан, вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида турли сабабларга кўра 11 мингта ўрин бўш турганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ҳозирги кунда Тайлоқ, Қўшработ, Самарқанд, Оқдарё туманларида ва Самарқанд шаҳрида боғчаларнинг қуввати етишмайди.
Тизимдаги мумаммолардан бири — бу кадрлар салоҳиятининг пастлиги ва уларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бугунги кунда тизимдаги 3 минг 500 нафар тарбиячининг атиги 5 фоизи олий маълумотли, шундан 2 фоизи мутахассислиги бўйича фаолият юритмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда 5-6 ёшдаги болалар учун 3 мингдан зиёд тарбиячи талаб этилмоқда.
Каттақўрғон, Нарпай, Пастдарғом, Пахтачи, Қўшработ ва Ургут туманларида 118 та мактабгача таълим муассасаси моддий-техник жиҳатдан талабга мутлақо жавоб бермайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Мажидов), Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин), Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Т.Жўраев) бир ой муддатда юқорида қайд этилган муаммолар бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда, пухта ва чуқур ўйланган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиши зарур.
Ҳурматли юртдошлар!
Коммунал хизматлар, электр ва газ таъминоти бўйича кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини сифатли якунига етказиш масаласи ҳам аҳоли манфаатлари билан бевосита боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас.
Вилоятда уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бироқ, жойларда аҳолининг қўшимча талабига асосан ва махсус ташкил этилган ишчи гуруҳининг ўрганиши натижасида аниқланган камчиликлар ҳал қилинмаганини афсус билан айтишга тўғри келади. Хусусан, вилоятда 129 та уйнинг том қисми, 35 та уйнинг ертўласи, 41 та кириш йўлаклари таъмирланмаган. Шунингдек, ширкатларга ажратилиши зарур бўлган 26 миллиард 400 миллион сўмлик кредит маблағларидан 7 миллиард 100 миллион сўми ажратилмаган.
Аҳоли учун 30 минг тонна кўмир ва 20 минг тонна брикет, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига 5 минг тоннадан зиёд брикет маҳсулотлари етказиб берилмаган.
Вилоят бўйича 432 километр электр тармоқлари реконструкция қилинмаган ва янгидан қурилмаган, 25 та трансформатор пункти реконструкция қилинмаган.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (М.Салиев), “Ўзбекэнерго” (У.Мустафоев) вилоят ҳокимлиги билан биргаликда айтиб ўтилган барча камчиликларни 15 кун муддатда ҳал қилиши зарур.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Самарқанд вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти қониқарли эмаслиги шу йил 17 августда ўтказилган видеоселекторда танқид қилинган эди.
Ана шундан сўнг кўрилган чоралар натижасида вилоят бўйича жиноятларнинг умумий сони ўтган йилга нисбатан 82 тага камайган.
Бироқ, шунга қарамасдан, вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар бугунги кун талабларига жавоб бермайди.
Оғир жиноятлар 193 тага кўпайган. Айниқса, қотиллик 9 тага, талончилик 16 тага, фирибгарлик 37 тага, ўғрилик 62 тага кўпайгани ҳаммамизни ташвишлантириши керак.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура (М.Азимов) билан биргаликда, икки ҳафта муддатда Самарқанд вилоятида ҳар бир жиноят турини, биринчи навбатда сони ошган жиноят турларини таҳлил қилиб, уларнинг барвақт олдини олиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, амалга оширсин.
Яна бир муҳим масала — Пахтачи туманидаги вазиятга тўхталиб ўтмоқчиман.
Бу туманда охирги уч йилда қимматбаҳо металларни ноқонуний равишда қазиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юқорилигича қолмоқда.
Шу даврда 12 та жиноят, 123 та ҳуқуқбузарлик содир этилиб, 263 нафар шахс жавобгарликка тортилган.
Энг ачинарлиси, бундай ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахслар ўз ҳаётини хавф остига қўймоқда — қанча одамни тупроқ босиб қолиб, ҳалок бўлмоқда.
Бу масалага жиддий ёндашиш вақти келди. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур муаммони ва бу борада жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқиб, уни ечиш, зарур бўлса, артель тузиш бўйича таклиф киритсин.
Иккинчидан, профилактика инспекторлари, маҳалла вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётгани ҳам жиноятларнинг олдини олиш самарасини пасайтирмоқда.
Профилактика инспекторлари учун уй-жой шароити, уларни хизмат хоналари ва автомашиналар билан таъминлаш масалаларини ҳал қилиб бермоқдамиз. Лекин энди натижани сўрайдиган вақт келди. Қани натижа? Афсуски, Самарқанд вилоятида бу саволга ижобий жавоб йўқ.
Мана, битта мисол. Самарқанд шаҳридаги 33 та маҳаллада содир этилган жиноятларнинг камида ярми муҳокама этилмаган. Аксарият маҳаллаларда муҳокамалар номига, фақат ҳисобот учун ташкил этилган. Бу борада маҳалла раислари, профилактика инспекторлари қаёққа қараяпти, деган савол туғилади. Қўпол бўлсаям айтиш керак, ҳаммаси ухлаб ўтирибди. Ёки ўзи билан ўзи овора.
Аёллар томонидан содир этилган 436 та жиноятнинг аксарияти оилавий келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.
Аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиш даражаси юқорилигича қолмоқда, яъни, 145 тани ташкил этмоқда.
Хотин-қизлар қўмитасининг масъул раҳбарлари бу рақамларни қандай изоҳлайди?
Маҳалла вакиллари, профилактика инспекторлари ўз ҳудудларида уйма-уй юрдик, оилалардаги аҳволни ўргандик, деб ҳисобот беришади-ю, лекин ҳақиқий вазиятдан уларнинг мутлақо хабари йўқлиги таҳлиллар жараёнида яққол аён бўлмоқда.
Огоҳлантириб айтмоқчиман: бундай сохта ҳисоботлар билан ишлайдиганлар қонун бўйича тегишли жазосини албатта олади. Президент сиёсатини обрўсизлантирадиган бундай кўзбўямачиликларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди.
“Маҳалла” жамғармаси (Ш.Жавлонов), “Нуроний” жамғармаси (Ш.Жалилов), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи билан биргаликда, бир ой муддатда ҳудудлардаги оилавий жанжаллар, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва низоларнинг туб сабабларини аниқлаб, уларнинг ечимини топиб, тарафларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўрилишини таъминласин.
Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда ички ишлар органлари идораларининг ўта марказлашган ҳолда жойлашуви уларнинг ўз вазифаларини самарали ҳал қилиш имконини бермаяпти.
Бу, бир томондан, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги пасайишига олиб келаётган бўлса, бошқа томондан, аҳолига ўз муаммосини ҳал қилишда ноқулайлик туғдирмоқда.
Биз ички ишлар органлари ходимларини халққа янада яқинроқ қилиш мақсадида ходимларнинг асосий қисми бевосита жойларда, керак бўлса, ҳар бир сектор ҳудудида хизмат олиб боришини таъминлашимиз керак.
Давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Т.Жўраев) билан биргаликда, икки ҳафта муддатда Самарқанд шаҳри ва Ургут тумани ички ишлар органлари тузилмаси ҳамда куч ва воситаларининг тақсимланишини тубдан қайта кўриб чиқиб, тажриба тариқасида мавжуд хизматларнинг фаолиятини жойларда мақсадли ташкил этиш ҳамда уни самарали мувофиқлаштиришга доир таклифлар киритсин.
Учинчидан, юқорида қайд этилган барча камчиликлар ички ишлар органларида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш бўйича ишларнинг қониқарсизлиги билан боғлиқ.
Ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаси жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишдан иборат. Лекин уларнинг ўзлари томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилса, буни қандай изоҳлаш мумкин?
Жорий йилнинг ўтган даврида 42 нафар ички ишлар ходими томонидан 25 та жиноят содир этилган. Уларнинг 10 таси мансабни суиистеъмол қилиш, 7 таси пора олиш билан боғлиқ жиноятлар содир этган. Бундай ички ишлар ходимларининг 9 нафари вилоят миқёсидаги ходимлар экани айниқса ачинарлидир.
Вилоятда ҳар йили ички ишлар ходимлари томонидан ўртача 40 тага яқин жиноят содир этилмоқда. Бу кўрсаткич юқори даражада қолаётгани ва бу йўналишдаги профилактик тадбирларнинг самарасизлиги бизни жиддий ташвишлантирмоқда.
Табиий бир савол туғилади: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ф.Қувондиқов бундай ҳолатни қандай изоҳлайди? Ёки у узоқ муддат бу лавозимда ишлаб чарчаб қолдими? Агар чарчамаган бўлса, ишида натижа бўлиши керак. Натижа эса йўқ. Буям ҳақиқат.
Бундай нохуш ҳолатга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти алоҳида, такрор айтаман, алоҳида эътибор қаратиши шарт.
Ички ишлар ходими халқимизга намуна, ўрнак кўрсатадиган, керак бўлса, эл-юрт учун фидойи инсон бўлиши керак. Чунки ички ишлар ходимига ишониб, халқимиз кечаси уйида тинч ухлайди, кундузи иш жойида самарали меҳнат қилади.
Бундан буён ички ишлар тизимида кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала қатъий назоратга олиниши зарур.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов бир ҳафта муддатда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси фаолиятини ҳар томонлама танқидий кўриб чиқсин.
Вилоят раҳбарларининг ушбу соҳада амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботларини тинглашни ташкил этсин. Бошқарма бошлиғи Ф.Қувондиқов эгаллаб турган лавозимига лойиқми ёки лойиқ эмасми — шу масала бўйича таклиф киритсин.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига чек қўйиш ва шахсий таркиб ўртасида маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириб, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин.
Муҳтарам депутатлар!
Бугун биз Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги айрим натижаларни қисқача таҳлил қилиб, бу борадаги энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтдик, холос.
Афсуски, вилоят собиқ раҳбарининг мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар қилишга қурби етмади, вилоят аҳлини жипслаштириш ва унга бошчилик қилишни эпламади, ўзини масъулиятли ишлардан четга олди. Шу сабабли жорий йил июнь ойида Ҳ.Оқбўтаевни вазифасидан озод қилиб, Туробжон Жўраевни вилоятга вақтинча раҳбар этиб тайинладик ва уни яна бир бор синовдан ўтказдик.
Шу муносабат билан бугунги сессияда ташкилий масала, яъни, Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак.
Биз халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги сиёсий партиялар гуруҳлари билан, вилоят фаоллари ва оқсоқоллари билан атрофлича маслаҳатлашдик.
Шу асосда мен катта тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида вазир, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳоким бўлиб ишлаган, бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Туробжон Икромович Жўраев номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этаман.
Т.Жўраев 1966 йилда туғилган. Ўз фаолияти давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида дарс берган, Молия вазирлигида бошқарма бошлиғи, вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Кейин халқ таълими вазири, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган.
2017 йилда Бекобод тумани ҳокими, июнь ойидан буён эса Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Туробжон Жўраев иқтисодчи олим, катта амалий тажрибага эга раҳбар сифатида ўтган 5 ой мобайнида Самарқанд вилоятининг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасининг ичига кириб бора олди, одамлар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг ишончини қозонди.
У бундан буён ҳам зиммасидаги улкан масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис қилган ҳолда, Самарқанд аҳли билан тил топишиб, бу кўпни кўрган, мард ва олижаноб элга муносиб бўлиб иш олиб боради, деб ишонаман.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Бугунги шиддатли замон бир-биридан ўткир ва мураккаб вазифаларни олдимизга қўймоқда. Ўйлайманки, ўзининг неча минг йиллик тарихида кўп синов ва машаққатларни мардона енгиб ўтган, донишманд Самарқанд аҳли бу ҳақиқатни яхши тушунади.
Шунинг учун ҳам биз бугунги масъулиятли даврда ўз олдимизга қўйган юксак мақсад ва марраларга етишда бутун халқимиз қатори Самарқанд аҳлининг ақл-заковати, улкан иш ва ҳаёт тажрибасига таянамиз.
Ишончим комил, азму шижоатли, меҳнаткаш Самарқанд эли вилоятнинг янги раҳбари атрофида бирлашиб, Самарқанд заминини янада равнақ топтириш йўлида ижобий натижаларга албатта эришади.
Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.