200 кишининг бандлиги таъминланадиган комплекс ишга тушгач, йилига 13 минг тонна сут етказиб берилади.
Бўз туманидаги "Evro Ekfin" масъулияти чекланган жамияти жаҳон бозори талабларидан келиб чиқиб, энг сўнгги технологиялар асосида сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган чорвачилик комплексида 2 минг бош зотли қорамол боқиш кўзда тутилган. 200 кишининг бандлиги таъминланадиган комплекс ишга тушгач, йилига 13 минг тонна сут етказиб берилади.
Асака туманидаги "Умид" хусусий корхонасининг парранда боқишга ихтисослашган комплекси лойиҳаси ҳам кўрилди. Ҳозирги кунда корхонада 80 минг бош парранда боқилмоқда. Янги лойиҳага кўра, 80 миллион дона тухум ва 150 тонна парранда гўшти етказиб берилади. Мажмуа ишга тушгач, 100 киши доимий иш жойига эга бўлади.
Паррандачиликни ривожлантириш, бу тармоққа инвестиция жалб қилиш, ушбу фаолият тури билан шуғулланадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг парранда гўштига бўлган талабини инобатга олиб, бу соҳада янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилди.
Олтинкўл туманида томорқалардан унумли фойдаланиш борасида илғор тажриба тўпланган. Айниқса, "Кўмакай", "Чўнтак" маҳалла фуқаролар йиғинларида намунали ишлар ташкил этилган. Давлат раҳбари тижорат банклари ва ташаббускорлар томонидан аҳоли хонадонларига лимон, унаби ва ёнғоқ кўчатлари экиш ва парранда етказиб бериш дастурининг ушбу туман мисолидаги тақдимоти билан танишди. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш, уларни белгиланган муддатларда ишга тушириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.