Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижий давлатларга ташрифлар ва мулоқотлар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида бирламчи келишувга эришилгани қайд этилди. Бу инвестицияларни ўзлаштириш бизнес-режа ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш билан боғлиқ. Шу боис бу борадаги ишларни жадаллаштириш, хорижий инвестицияларни истиқболли лойиҳаларга йўналтириш ва юқори самарадорликка эришиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Кенг имкониятлари бўлишига қарамай, Бухоро вилоятида хорижий инвестициялар иштирокида 10 та лойиҳа, Навоий вилоятида 9 та лойиҳа, Қашқадарёда атиги 1 та лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди. Қашқадарёда 13 та туманда, Фарғонада 11 та, Сурхондарёда 10 та, Тошкент, Бухоро, Жиззах вилоятларида 8 тадан, Хоразм, Навоий вилоятларида 7 тадан, Қорақалпоғистон ва Самарқандда 6 тадан, Андижон ва Сирдарёда 5 тадан, Наманганда 4 та туманда хорижий инвестиция иштирокида бирорта ҳам лойиҳа режалаштирилмагани танқид остига олинди.
“Ишларни кескин фаоллаштириш керак. Инвестиция қўмитасининг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари хорижий инвестицияларни олиб келиши ва хорижий инвесторларга барча масалалар бўйича амалий кўмак бериши керак. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент лойиҳаларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган, уни тайёрлашдан ишга туширишгача бўлган даврни мониторинг қилиш имконини берадиган ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берди.