...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент янги қарорида онкологик касалликларга эътибор қаратди


23:52, 04.04.2017 Жамият
 2 119

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Айни дамда давлат ташрифи билан Россия Федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 апрель куни “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Республикада соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига онкологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. Онкология хизматининг ягона вертикал интеграциялаштирилган тизими яратилди, онкология муассасаларини замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда, профессионал кадрлар тайёрлашнинг замонавий илмий мактаби шакллантирилган. Онкология муассасалари амалиётига саратонга ташхис қўйиш ва даволашнинг бир қанча замонавий усуллари жорий этилган, онкологик патология профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда, бу эса касалликнинг илк босқичларида беморларни икки баравар кўп аниқлаш имконини берди.
 
Шу билан бирга, бутун жаҳонда бўлгани сингари, республикада онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини тақозо қилади.
 
Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, республика онкология муассасаларининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тузилмасини такомиллаштириш мақсадида:
 
1. Қуйидагилар онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, саратон касалликларини барвақт аниқлашнинг скрининг дастурларини босқичма-босқич ҳамма жойда татбиқ этиш;
 
аҳолининг ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий юқори технологияли усулларидан фойдаланишини яхшилаш, онкологик касалликларни даволашнинг юқори самарадорлигига эришиш, онкология муассасаларининг дори воситалари, реагентлар ва сарфлаш материаллари билан таъминланиш даражасини ошириш;
 
янги онкология муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, тиббиёт ускуналари, асбоблар ва инвентарь билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) асосида уларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш;
 
онкология муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида республикадаги илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий ишланмаларнинг замонавий жаҳон тажрибасини миллий соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш.
 
2. Қуйидагилар:
 
онкология соҳасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона методик вертикали шакллантирилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси онкология хизматининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури 2-иловага мувофиқ;
 
2017-2021 йилларда республика онкология муассасаларини тиббиёт ускуналари, асбоблар ва инвентарь билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг асосий параметрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ҳар йили ушбу қарор билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастурида кўзда тутилган тадбирларни бажаришга зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастурини амалга ошириш учун хорижий давлатлар, халқаро молиявий ташкилотларнинг имтиёзли кредитларини (қарзларини) ва грантларини ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика онкология илмий марказини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилиш;
 
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида юридик шахс ташкил этмасдан, марказ ходимларининг умумий сони доирасида Саратон профилактикаси маркази ва Экспериментал онкология марказини ташкил этиш;
 
ҳудудий онкологик диспансерларни ва Тошкент шаҳар онкология диспансерини Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
 
4. Қуйидагилар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг филиаллари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
аҳолининг онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича халқаро андозалар даражасида ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий ёрдамга бўлган талаб-эҳтиёжини қондириш;
 
онкология соҳасида аҳолига юқори малакали даволаш-профилактика ёрдами кўрсатган ҳолда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш;
 
онкология соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган ва замонавий онкологиянинг илғор технологияларини эгаллаган юқори малакали тиббиёт кадрлари ва илмий мутахассислар тайёрлаш;
 
онкология соҳасида, шу жумладан, замонавий тиббиёт фанининг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш.
 
5. Белгилансинки:
 
Саратон профилактикаси маркази – онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш, саратоннинг олдини олиш самарали дастурларини ишлаб чиққан ҳолда эпидемиологик вазият мониторингини олиб бориш бўйича мувофиқлаштирувчи-методик фаолиятни таъминлайди;
 
Экспериментал онкология маркази – канцерогенез ва саратон эпидемиологияси ҳамда хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр-биологик механизми, ўсмага қарши маҳаллий препаратларни ишлаб чиқиш соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширади.
 
6. Қуйидагилар:
 
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
 
Саратон профилактикаси маркази ва Экспериментал онкология марказининг тузилмалари 5- ва 6-иловаларга мувофиқ;
 
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалининг намунавий тузилмаси 7-иловага мувофиқ маъқуллансин.
 
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига, зарурат бўлганда, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари тузилмасига ходимларнинг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда бир ой муддатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази тўғрисидаги Низомни ҳамда унинг филиаллари намунавий уставини тасдиқласин.
 
8. 2017-2020 йилларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари биноларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуришнинг асосий параметрлари 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Белгилансинки, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари биноларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
 
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 4 апрель

Теглар:Президент қарори Онкология 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар