...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент яна бир муҳим қарорга имзо чекди


14:28, 17.07.2018 Жамият
 12 776

Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Республикада “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Мамлакатимизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш, илмий-техникавий ва инновацион ривожланишни таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишда мавжуд молиявий ва моддий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
 
Хусусан, 2014-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди.
 
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши мамлакат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш заруратини тақозо этмоқда.
 
Бироқ, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан амалда фойдаланишнинг таҳлили уларни яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва жорий этиш жараёнида тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда, хусусан:
 
биринчидан, охирги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ва патентланган ихтиролар сонининг йилига 0,5 фоизини ташкил этувчи тижоратлаштириш даражаси етарли эмас;
 
иккинчидан, чоп этилган илмий мақолалар ва яратилган интеллектуал мулк объектлари сони илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб қолмоқда, бунда уларни жорий этиш натижалари ҳисобга олинмаяпти;
 
учинчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари уларнинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижалари учун, шунингдек, илмий-техникавий дастурларга давлат маблағлари сарфланишининг самарадорлиги учун лозим даражада масъулиятни намоён этмаяпти;
 
тўртинчидан, илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг, шу жумладан, илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмалар рўёбга чиқарилишида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари иштирокини рағбатлантиришнинг самарали воситалари жорий этилмаган;
 
бешинчидан, амалдаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизими илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга тезкорлик билан жорий этишни таъминламаяпти.
 
Маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни жадал жорий этишни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг истиқболли маҳаллий ютуқларини илгари суришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида:
 
1. Қуйидагилар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш соҳасидаги асосий вазифалари этиб ҳисоблансин:
 
республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш;
 
фанлараро алоқаларни, шу жумладан, халқаро фанлараро алоқаларни шакллантириш жараёнларини рағбатлантириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва жамоаларни яратиш;
 
илмий ва илмий-техникавий фаолиятни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижаларни олишга йўналтириш;
 
юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;
 
тадқиқотларни мамлакатни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.
 
2. Қуйидагилар илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг асосий усуллари этиб белгилансин:
 
илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан фойдаланган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
 
тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчиларидан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) ҳисобланади;
 
интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан, уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш.
 
3. Вазирлик ва идоралар томонидан шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Белгилансинки, иловада кўрсатилган ишланмаларни ўз вақтида тижоратлаштирмаганлиги ва сифатсиз тижоратлаштирганлиги учун уларни жорий этишга жавоб берадиган шахсларга нисбатан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган параметрларини шакллантиришда “Илм-фан” моддаси бўйича ажратилаётган маблағлар доирасида қуйидагиларни амалга ошириш учун маблағларнинг камида 20 фоизи йўналтирилишини назарда тутсин:
 
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, давлат-хусусий илмий кластерларини яратишга, илмий-техникавий тадқиқотларни республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақалари эҳтиёжларига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;
 
илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга, шу жумладан, бюджет маблағлари олувчилар фаолиятини тегишли маслаҳатчилар томонидан экспертизадан ўтказиш, қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга мувофиқ бизнес-режаларни тайёрлашга грантлар ажратиш.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академиясининг 2018 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга қўшимча бир марталик мукофотлар жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
 
патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;
 
муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий жамоага уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобига келиб тушаётган маблағларнинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.
 
6. Белгилаб қўйилсинки:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларини бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари, давлат илмий-техник лойиҳалар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаштирилиши лозим, фундаментал тадқиқотлар натижалари, шунингдек, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги лойиҳалар бундан мустасно;
 
муассасаларнинг илмий кенгашлари ишлаб чиқариш сири (ноу-хау) ёки тижорат сири режимида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг интеллектуал (номоддий) натижасини қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига илмий ва илмий техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш учун мунтазам равишда инвестицияларни жалб қилишни таъминлаш масъулияти юклатилсин.
 
8. Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарига самарасиз ва маънавий эскирган инфратузилмани алмаштириш, шунингдек, атроф-муҳитни ифлослантириш даражасини пасайтириш имконини берадиган янги техника ва экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш билан боғлиқ тадбирларни фаол молиялаштириш тавсия этилсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:
 
а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиётни ўрганиш натижалари асосида қуйидагилар тасдиқланишини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
 
тижорат сири режимида қўриқланадиган интеллектуал мулк объектларига, шу жумладан, патентлаш имкониятига эга бўлган техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хауларга) бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ва бериш тўғрисидаги низом;
 
муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий жамоаларига қўшимча бир марталик мукофотларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
 
б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг тижоратлаштирилган натижалари сонини асосий мезонлардан бири сифатида назарда тутган ҳолда муассасаларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 
в) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқаришда жорий этишга тайёр илмий ва илмий-техникавий натижаларни тижоратлаштириш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлашда муассасаларга кўмаклашсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектлари бўйича ахборотнинг “Инновацияларнинг виртуал ярмаркаси” интерактив интернет-порталини янгилаш учун доимий асосда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.
 
11. Белгилаб қўйилсинки:
 
инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртмаларига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузуридаги стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади;
 
инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари истиқболда анъанавий технологиялар имкониятларидан илгарилаб кетадиган бошланғич талаблардан иборат бўлиши ва халқаро стандартларга ёки ривожланган хорижий мамлакатларнинг миллий стандартларига мос келиши лозим;
 
тажриба ва серияли ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида янги инновацион маҳсулотларга давлат стандартларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлар олишга қилинган харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги муассасалар томонидан илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини хорижда тижоратлаштиришга, шунингдек, уларни халқаро бозорларда илгари суришга дипломатик воситалар орқали кўмаклашсин.
 
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шаҳар (туман)лар ҳокимликлари ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари билан биргаликда республика олимларининг илмий-амалий ва инновацион лойиҳалари ҳамда ишланмалари учун хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари портфелини шакллантирсин.
 
14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
 
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахманов зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев.
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 июль.

Теглар:Қарор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар