...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент халқ кўнглидаги гапларни айтди


20:58, 07.12.2018 Жамият
 15 328

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. 

Байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. 
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этиб, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди. 

Конституциянинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилган.  
Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари бўлган илк кунларданоқ мазкур конституциявий принцип давлат сиёсатининг асосига айланди. Президентимиз халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилишни олий мақсад, мезон қилиб қўйди. Ташкилотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлайдиган бўлди. 
Инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида кейинги икки йилда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, оворагарчилик ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида тизимга ахборот технологиялари жорий этилди.

Давлат раҳбари Конституциянинг бош мақсади – халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида қилинган ва қилинажак ишларга ҳам эътибор қаратди. Жамоатчилик ва халқаро экспертлар фикрлари асосида Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилингани, унга мувофиқ солиқ ставкалари пасайтирилиши, баъзи бадал ва тўловлар бекор қилиниши, тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш рағбатлантирилишини таъкидлади. 

Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиш, айниқса, инфляция даражасини пасайтириш бўйича олдиндаги муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтди. 

“Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради”, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент ўз маърузасида фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ёшларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш, иш ва уй-жойлар билан таъминлаш, пенсионерларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди. 
Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ёшларнинг илмга интилишини кучайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини қайд этди.

"Чунки билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!", деди давлат раҳбари.

Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва санъат намояндалари, хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Байрамдаги концерт дастури илк бор тўлиқ жонли ижрода ўтказилди. Унда халқ ҳаётидаги ўзгаришлар, мамлакатдаги миллатлараро тотувлик ва қўшни давлатлар билан дўстлик сиёсати намоён бўлди.

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар