...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент вазирларга уйма-уй юриб аҳвол билан танишишни таклиф қилди


09:02, 03.10.2017 Жамият
 10 560

Президент 2 октябрь куни куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
 
ЎзА хабарига кўра, ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган.
 
Йиғилишда аҳолига уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий объектлардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.
 
Шавкат Мирзиёевнинг 18 апрелда “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилган эди.
 
Вазирлик томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
 
Давлат раҳбари тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузишни таклиф қилиб, 1-ишчи гуруҳ томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда 2-ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ҳолат ўрганилиши белгиланди.
 
Асосий эътибор кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, кўмир етказиб бериш, санитар тозалаш каби масалаларга қаратилди.
 
Президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурлари ижросини танқидий қайта кўриб чиқиш, режалаштирилган чора-тадбирларни манзилли ва мақсадли амалга ошириш, маблағлардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни вилоятлар ва соҳалар кесимида эмас, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди.
 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Куз-қиш мавсумига тайёргарлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар