...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент ташрифи: яқин келажакдаги Бухорони қандай кўрамиз?


11:14, 17.02.2018 Жамият
 3 712

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятини ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Кеча, 16-февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари,  иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрганини хабар қилган эдик.
 
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси зиёратидан бошлади.
 
Шундан кейин Президент Бухоро вилоятида амалга оширилиши керак бўлган қуйидаги стратегик лойиҳалар билан танишди ва керакли топшириқларни берди:
 
  • Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик.
 
Топшириқ: Ғиждувоний ва Нақшбандий меъморий мажмуалари ўртасидаги умумий масофа 122 километр.  Мажмуалар орасидаги йўллар бўйида замонавий инфратузилма ташкил қилиш.  
 
  • Бухоро тарихини ўқитиш  ва бундан ички ва халқаро туризм соҳасида самарали фойдаланиш ишлари бўйича қилинган ишлар.
 
Топшириқ: Бухоро тарихини ўқитадиган факултетни Бухоро давлат университети ҳузурида очиш.
 
  • Бухоро туманидаги “Бухоро балиқ саноат” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини кенгайтириш;
 
Таклиф қилинган лойиҳа: умумий майдони 90 гектар бўлган хўжаликда 40 гектарлик сув ҳавзаси бўлиб,  янги лойиҳага кўра,  қолган 50 гектари реконструксия қилинади ва балиқ етиштирилади.
 
  • Қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар ўрганилди.
 
Топшириқ: қоракўлчиликда  йўқолиб бораётган наслчилик ва тажрибани қайта тиклаш, чўпон ва тикувчи ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма, Бухорода завод ташкил этиш.
 
  • 2018-йилда вилоятда амалга ошириладиган паррандачилик лойиҳалари тўғрисидаги маълумот тақдим қилинди.
 
Топшириқ:  Бу йўналишда 32 та лойиҳани амалга ошириб,  252 иш ўрни яратиш.
 
  • Ғиждувон туманида тут баргидан чой тайёрлаш лойиҳаси.
 
Топшириқ: Бу самарали ишлаб чиқариш ноёб ва инсон саломатлиги учун ғоят фойдали маҳсулот бўлгани учун  2019-йилдан экспортга чиқариш. Бу чойнинг афзалликлари унда кофеин ва танин моддаси йўқлигидадир.
 
  • Систанхе ва исириқ етиштиришга алоҳида эътибор берилгани вилоятда ўзига хос янгилик бўлди.  Систанхе илдизи доривор ҳисобланиб,  хавфли ўсма касалликларининг олдини олади. 
 
Топшириқ: янги лойиҳада ўсимликни етиштириш ва қайта ишлаш, ўунингдек,  3 минг гектар ерда шундай ўсимлик етиштириш ва 400 кишининг бандлигини таъминлаш.
 
  • Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида туризм соҳасини янада ривожлантириш концепсияси асосида амалга оширилаётган ишлар.
 
Режа ва лойиҳалар: 2018-йилда туризмни янада ривожлантириш концепсиясига мувофиқ,  61 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.  Жумладан,  32 меҳмонхона,  12 мотел,  10 истироҳат боғи барпо этилиб,  “Бухоро Палас”,  “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари реконструксия қилинади.
 
Бундан ташқари,  туризм бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш,  ресторанлар қуриш,  сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари харид қилиш,  маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш,  ҳаво шарида саёҳатни ташкил қилиш,  Ғиждувон,  Шофиркон,  Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилган.
 
  • Пойи Калон мажмуасидаги тарихий обидаларни таъмирдан чиқариш бўйича лойиҳалар тақдим қилинди. 
 
Топшириқ: Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган Абдулазизхон ва Улуғбек мадрасаларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади.  Арк қўрғони мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб,  унинг ичкарисидаги бино ва иншоотлар таъмирланади.  Мир Араб мадрасасини қайта тиклаш ва унинг янги ўқув биносини қуриш ишлари олиб борилади.  Шу кўчанинг ўзида ҳунармандлар растаси қурилади.
 
  • Пешку тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.  Унда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш,  аҳоли турмуш даражасини янада ошириш,  тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш,  ёшлар тарбияси ва уларни иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Икром Раҳмон

Теглар:Бухоро Шавкат Мирзиёев стратегик лойиҳалар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар