Болалар ногиронлигининг олдини олишда ялпи комплекс скрининг кўриги ўтказишни ташкил этиш ва уни олиб бориш ишларида камчиликлар мавжуд.
Фармойишда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар қониқариз деб баҳоланган.
Кўрилаётган чора-тадбирлар — туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кутилган натижа бермаяётгани айтиб ўтилган.
Бундан ташқари, туғма нуқсонларни ўз вақтида аниқлашни ва ногиронликнинг кейинчалик олдини олиш ишлари ҳам таъминланмаган.
Болалар ногиронлиги пайдо бўлишига уларни ялпи комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ва олиб боришдаги камчиликлар олиб келмоқда.
Ногиронлик гуруҳини аниқлаш тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида ҳанузгача бюрократия бартараф этилганича йўқ.
Шунингдек, ногиронлар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш талаб этилган.
Ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконияти ҳалигача яратилмаган.
Минг афсуски, тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланилаётган мезонлар 40 йил аввалги услубиётга асосланган ҳолда қолмоқда.
Ногиронларни меҳнат фаолиятига жалб этиш ўртача 2 фоизни ташкил қилаётгани масъул идоралар ушбу соҳага “панжа ортидан қароётганидан” далолатдир.
Маълумот учун шуни эслатиб ўтамизки, мазкур мавзуда сайтимизнинг август ойи саҳифасида “Апо-сингил бахтига зомин бўлган ака-ука куёвлар” номли мақола берилган эди. Мазкур мақолада туғма ногиронликнинг тўлиқ ўрганилмаган сабаблари оқибатида оилаларнинг бузилиб кетиш ҳолатлари кузатилаётгани айтиб ўтилган эди.
Қуйида мақоладан парча келтирамиз:
“Туғма ногиронлик камда-кам, аммо учраб турадиган тиббий муаммо. Чунки болаларнинг ногирон бўлиб туғилиши сабаблари ва омиллари ҳануз тўлиқ ўрганилмаган. Замонавий тиббий ускуналарда ўтказиладиган эрта ташҳис кўригини эса ногирон болалар туғилишининг олдини олишда самарали восита, деб бўлмайди. Чунки ҳомиладаги ирсий ёки наслий нуқсонларнинг баъзиларини фақат олти ойликдан кейингина аниқлаш ёки тахминий ташҳислаш мумкин. Бундай вазиятда ҳомилани олиб ташлаш энг бешафқат, аммо ягона ечим бўлиб қолмоқда”.