...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент қарори: “Ўзстандарт” агентлиги қошида бир қатор муассаса ва институтлар ташкил этилди


09:04, 02.05.2017 Жамият
 2 725

Метрологик текширув ва метрология соҳасида илмий тадқиқотлар амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 апрель куни “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, “Ўзстандарт” агентлигининг тузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг устувор вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
 
маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш;
 
маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш;
 
экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш;
 
техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш, сотиладиган маҳсулотлар хавфсизлигини тизимли назорат қилишни таъминлашда уларнинг самарадорлигини ошириш;
 
замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш;
 
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
 
2. “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
 
а) “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасини, унга:
 
“Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасини қўшиш;
 
“Ўзстандарт” агентлиги марказий аппарати тузилмасидан чиқарилаётган Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросини ўтказиш йўли билан қайта ташкил этиш;
 
б) “Ўзстандарт” агентлиги қошида:
 
“Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” давлат корхонасини (“Ўзбекаккредитация” ДК) ташкил этиш;
 
мавжуд “Миллий эталонлар маркази” давлат муассасаси, “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази” давлат корхонаси ва “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий- тадқиқот институти” давлат муассасасининг метрологик бўлинмалари негизида “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасини (“ЎзММИ” ДК) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
 
3. Қуйидагилар давлат корхоналари фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
 
а) “Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” давлат корхонасининг:
 
мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиши;
 
мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрологик хизматларни халқаро стандартларга мувофиқ аккредитация қилиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрологик хизматлари томонидан белгиланган шартлар ва талаблар бажарилиши устидан инспекция назоратини амалга ошириши;
 
халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиши;
 
б) “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасининг:
 
Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чораларни амалга ошириши;
 
эталонлар, энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини сақлаб туриши, уларни халқаро даражада солиштириши, шунингдек, ўлчов бирликларини сақлаши ва узатиши;
 
ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиши, метрологик назорат натижаларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартномаларни амалга ошириши;
 
метрологик текширувни ва метрология соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириши.
 
4. 2017-2020 йилларда “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
 
5. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
 
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг 39 нафардан кўп бўлмаган янгиланган тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармаларининг намунавий тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони 4 ва 4"а"-иловаларига мувофиқ;
 
2018-2021 йилларда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси томонидан харид қилинадиган эталонлар ва энг юқори аниқликдаги ўлчов воситалари рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорига зарур ҳолларда марказий аппарат ва қуйи ташкилотлар тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
 
6. Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш тугатилиб, Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштиришни ривожлантириш ва маҳсулот сифатини бошқариш тизимларини жорий этишни мувофиқлаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ 6-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
 
Махсус ишчи гуруҳ зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
 
стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш ҳамда қонунчилик ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкиллаштириш;
 
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитациянинг миллий тизимларини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш;
 
республикамиз корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган маҳсулот сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш ва сертификатлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг тизимли мониторингини амалга ошириш.
 
7. “Ўзстандарт” агентлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Париж шаҳрида 1875 йил 20 майда қабул қилинган Метрик конвенцияга қўшилиш масаласини ўрганиб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклиф киритсин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда 5-иловада қайд этилган эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини харид қилиш учун зарур бўлган маблағни назарда тутсин.
 
9. “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Форобий кўчаси, 333"а", 333"б" уйларда;
 
“Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” давлат корхонаси Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Форобий ва Ҳаракат кўчаларида жойлаштирилсин.
 
10. “Ўзстандарт” агентлиги янги ташкил этилган “Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” давлат корхонасини юқори малакали кадрлар, моддий-техник ва молиявий манбалар билан таъминлаш орқали унинг самарали фаолият юритишини ташкил этсин.
 
11. Истисно тариқасида:
 
“Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, эталонларни тайёрлашга ихтисослашган етакчи хорижий метрологик ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали эталонлар ва энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини харид қилиш;
 
“Ўзстандарт” агентлиги ва унинг ташкилий тузилмаларига “Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази” давлат корхонаси билан техник ва тизимли хизмат кўрсатиш, жумладан, сервер ва телекоммуникация ускуналарига, компьютер ва ташкилий техникага хизмат кўрсатиш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва кузатиб бориш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича тендер (танлов) ўтказмаган ҳолда шартномалар тузиш рухсат этилсин.
 
12. “Ўзстандарт” агентлиги бир ой муддатда:
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг бўлинмалари штат жадваллари ва харажатлар сметасига 2017 йил учун смета харажатларида назарда тутилган штат бирликлари ва бюджет ажратмалари доирасида, мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли ўзгартишлар киритсин;
 
белгиланган тартибда “Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” ва “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхоналари низомларини тасдиқласин ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.
 
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розуқулов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 28 апрель

Теглар:Ўзстандарт агентлиги Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар