Аммо шу билан бирга танқидий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев шу куни "Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни ҳам имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қайд этиб ўтилсинки, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиши даврида мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича тизимли ишлар доирасида 30 мингдан ортиқ давлат объекти, шу жумладан, 6,5 мингта йирик ва ўрта корхона хусусий мулк қилиб сотилди. Натижада ҳозир нодавлат секторига ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизидан кўпроғи, саноат ишлаб чиқаришининг 94 фоизи ва барча банд аҳолининг 82 фоизидан зиёди тўғри келмоқда.
Аммо шу билан бирга танқидий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермади.
Хусусан, республика минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ишларининг бориши билан танишиш натижалари хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорлари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани ва корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқаришларни тикламаётганлиги ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этмаётганлигини кўрсатмоқда. Мазкур ҳолатлар Тошкент шаҳрида аввал хусусийлаштирилган “Реле ва автоматика”, “Алгоритм” заводлари, Самарқанд шаҳридаги “Қизил двигатель” ва Лифтсозлик заводлари, Ғиждувон ип йигирув фабрикаси, Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги парранда фабрикаси, Термиз шаҳридаги “16-сонли ғишт заводи” ва бошқа кўплаб объектлар мисолида кўриниб турибди.
Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аввал хусусийлаштирилган корхоналар негизида 2 мингдан ортиқ паст рентабелли ва зарар кўраётган кам қувватли хўжалик субъекти, шу жумладан, мингдан ортиқ ишламаётган ҳамда деярли бўш ётган объект, самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш хоналари аниқланган.
Давлат органлари хусусийлаштирилган корхоналарнинг асл ҳолатини ўрганиш, уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва молиявий-иқтисодий аҳволини мониторинг қилиш, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш ва сабабларини аниқлаш, уларни кредит ва моддий ресурслар билан таъминлашда, муҳандислик-ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклашда, ички ва ташқи савдо бозорларини топишда амалий кўмак бериш билан суст шуғулланмоқда.
Юзага келган ҳолат ваколатли органларнинг хусусийлаштирилган корхоналарга ёндашувлари, улар билан ишлаш принциплари ва усулларини тубдан ўзгартиришни, фаолият самарадорлигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятининг асосларини ўргатиш, шунингдек, хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбаларини кенгайтиришни талаб этади.
Қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдаги муҳим вазифа сифатида хусусий мулкнинг устувор ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.
Хусусийлаштирилган корхоналарнинг мавжуд улкан иқтисодий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳисобига улар иқтисодий ўсишнинг локомотиви бўлиб қолишлари керак. Хусусийлаштирилган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш яқин йилларда республика минтақалари ва бутун мамлакатни ривожлантиришда кучли омил бўлиши даркор.
Буларнинг барчаси хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни республика Ҳукумати ва ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ғоят муҳим вазифаларидан бири этиб қўймоқда.
Хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини тубдан оширишни, хусусийлаштирилган корхоналар негизида амалга оширилаётган лойиҳаларни тизимли ва манзилли қўллаб-қувватлашни ташкил этиш, шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда ваколатли органлар фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида:
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.
2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича Комиссия иловага мувофиқ таркибда тузилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг фаолиятини унга юклатилган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этиш;
хусусийлаштирилган корхоналарнинг реестрини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш, улар фаолиятининг доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш;
хусусийлаштирилган корхоналарни тиклаш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш, шунингдек, “йўл хариталари”ни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
бизнес-режалар ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молия бошқаруви масалалари ва бошқа фанлар бўйича хусусийлаштирилган корхоналар раҳбарлари ва ишлаб чиқариш-техник ходимлари учун доимий фаолият юритадиган ўқув курсларини ташкил этишга йўналтирилган Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиалларини барпо этиш ҳамда улар фаолиятини самарали ташкиллаштиришни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, қўмита кадрларини тизимли равишда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширилишини ташкил этиш.
3. Комиссия (А.Н.Арипов):
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг раҳбарлари, марказий аппарати бош бошқармалари, бошқармалари ва бўлимларининг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, бўйсунувчи тузилмаларнинг бошлиқлари аттестациядан ўтказилишини ташкил этсин;
аттестация натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини қўмитага юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошира оладиган юқори малакали, ташаббускор ва виждонан ишлайдиган раҳбар кадрлар билан таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш, хусусийлаштирилган корхоналарни қайта тиклаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича қабул қилинаётган аниқ чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари мунтазам тинглаб турилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 18 апрель