...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент қарори: суд ва адлия фаолияти билан боғлиқ икки жамғарма ташкил этилади


14:19, 24.08.2017 Жамият
 2 328

Президент судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини янада ривожлантириш юзасидан қарор қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев 23 август куни “Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
 
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада таъминлаш, судлар, адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, улар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда унинг Ижро этувчи дирекциясини тугатиб, қуйидагиларни ташкил этиш бўйича таклифига розилик берилсин:
 
Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси;
 
бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси.
 
2. Белгилансинки, қуйидагилар Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
 
жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат божлари тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг 16 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
 
жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича жарималар тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг 16 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
 
ижро иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилган суммадан 24 фоиз миқдоридаги ажратмалар, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини ундириш бундан мустасно;
 
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
 
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.
 
3. Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
4. Белгилаб қўйилсинки, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси бошқарадиган Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгаши (кейинги ўринларда – Кузатув кенгаши) томонидан амалга оширилади.
 
Кузатув кенгаши таркибига лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) директори ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази (кейинги ўринларда – Марказ) директори киради.
 
5. 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб малака даражалари, мартаба даражалари ва узоқ муддат хизмат қилганлиги учун судьялар ҳамда судлар ва Департамент ходимлари лавозим маошларига устама ва ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлаш, судлар ва Департаментнинг ёрдамчи ходимларини таъминлаш, судьялар ҳамда судлар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Департамент ва Марказ ходимлари томонидан белгиланган тартибда уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш), судлар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Департамент ва Марказ бинолари ва хоналарини қуриш ва таъмирлаш харажатлари, судлар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Департамент ва Марказ ходимларининг хизмат сафари харажатлари, шунингдек судлар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Департамент ва Марказнинг коммунал-фойдаланиш ҳамда бошқа жорий харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
 
6. Белгилансинки, қуйидагилар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
 
ФҲДЁ органлари томонидан ундириладиган давлат божи суммаларидан 16 фоиз, нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммаларидан эса 8 фоиз миқдоридаги ажратмалар;
 
адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини, адвокатлик бюроларини, фирмаларини, ҳайъатларини, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказганлик, нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий фуқаролар бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг оила аъзоларини аккредитациядан ўтказганлик, нодавлат нотижорат ташкилоти, унинг рамзи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ва нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларининг дубликатини берганлик учун, аккредитация карточкаси дубликатини берганлик учун, адвокатлик фаолиятини лицензиялаганлик учун ундириладиган маблағларнинг, шунингдек адлия органлари томонидан ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;
 
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
 
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.
 
7. Белгилансинки, бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари:
 
адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминотига;
 
адлия органлари ва муассасаларини бино, ускуналарини қуриш ва таъмирлашга;
 
адлия органлари ва муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга ва ижтимоий муҳофаза қилишга (адлия органлари ходимлари учун уй-жой қуриш, санатория-курорт ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, маошларга устамалар белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо);
 
адлия органлари ва муассасалари ходимларини хизмат сафар харажатларига, шу жумладан ҳорижий давлатлардаги хизмат сафарларига;
 
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган адлия органлари ходимларига уй-жой сотиб олиш учун беш йилдан кўп бўлмаган муддатга ва энг кам иш ҳақининг минг баробаридан ошмаган миқдорда фоизсиз қарз ажратишга;
 
адлия органлари ва муассасалари ходимларига мартаба даражалари ҳамда узоқ муддатли хизмати учун устамалар ва қўшимча ҳақ тўлашга;
 
белгиланган тартибда адлия органлари ва муассасалари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловларни компенсация қилишга;
 
адлия органлари ва муассасалари ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташига, шу жумладан, уларнинг хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга ва чет давлатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишига;
 
адлия органлари ва муассасалари фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этишга;
 
адлия органларининг коммунал-фойдаланиш ҳамда бошқа жорий харажатларига;
 
нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни ва тегишли харажатларни қоплашга;
 
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш, техник жиҳатдан сақлаб туриш ва модернизация қилишни молиялаштиришга;
 
адлия органларининг ёрдамчи ходимлари таъминотига;
 
адлия органлари ва муассасалари фаолиятини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирларга йўналтирилади.
 
8. Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг фаолияти тугатилганлиги боис унинг 2 штат бирлигини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва 2 штат бирлигини Департаментга ажратиш ва уларнинг тегишинча бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси
ва Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сақланиши таъминлансин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари қолдиғини, шу жумладан, кредиторлик ва дебиторлик қарздорлигини Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси ва бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ҳамда тугатилаётган Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи дирекциясини мулкини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Департамент ўртасида тақсимланишини таъминласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши билан биргаликда тугатилаётган Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобидан судьялар, суд ва Департамент ходимларига ўтган давр учун тўланмаган малака даражалари, мартаба даражалари ҳамда узоқ муддатли хизмати учун устамалар ва қўшимча ҳақларни тўланишини таъминласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Олий суди манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
 
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Қ.Давлетов зиммаларига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент, 23 август

Теглар:Шавкат Мирзиёев Президент қарори Суд ва адлия фаолияти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар