Дастур музейларни инновацион қайта ташкил этишни кўзда тутади.
Мазкур қарорда Музейлар реновация дастурини эксперимент тарзида амалга ошириш белгиланди. Реновация дастури қуйидагиларни назарда тутади:
музейлар бюджетининг камида 30 фоизини тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан, камида 15 фоизини хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтиш;
“smart”-технологияларни (ахборот дўкончалари, 3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказоларни) жорий этиш;
интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш;
музейларнинг ижтимоий маконга тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш;
музейларда имкониятлари чекланган шахслар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар, мактабгача ёшдаги болалар ва уларга ҳамроҳлик қилаётган шахсларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратишнинг инклюзив услубларидан кенг фойдаланиш;
музейларда академик тадқиқотларни, шу жумладан Жамғарма маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш орқали маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда ривожлантириш.
Реновация дастури Ўзбекистон амалий санъат музейида, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида ва Ойбекнинг уй-музейида амалга оширилади.