Кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил қилиш.
Республика аҳолисининг сифатли уй-жой коммунал хизматлари билан қамраб олинишини тубдан яхшилаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида барча ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги уйғунлашган технологик занжирини шакллантириш асосида уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларнинг сақланиши талабларига риоя этилиши устидан техник назоратнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини ошириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (кейинги ўринларда – “Уйжойкомхизмат” вазирлиги) ташкил қилинсин ва унинг таркибида:
Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда уларнинг туманлар (шаҳарлар)даги бўлимлари;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Уйжойфондинспекцияси”) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий инспекциялари;
“Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси (ДУК) ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш;
кўп хонадонли арзон уйлар қурилиши бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, кўп хонадонли арзон уйлар, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш, эски ва авария ҳолатидаги уй-жойлар бузилишини ташкиллаштириш;
кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан, кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил қилиш;
хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
сув таъминоти ва канализация объектларини, иссиқлик таъминоти тизимларини аҳоли пунктларини ривожлантириш схемалари ва бош режалари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш, модернизация ва реконструкция қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг сифатли бажарилишини ташкиллаштириш, мазкур соҳа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқарувини таъминлаш;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига ресурс ва энергия тежайдиган технологиялар ҳамда ускуналарни татбиқ этиш, жумладан, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини замонавий ҳисоблаш ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш, қурилиш-монтаж ишлари таннархининг пасайишини таъминлайдиган маҳаллий замонавий ва сифатли қурилиш материаллари ҳамда буюмларини кенг қўллаш;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишнинг замонавий шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматларга тариф сиёсатини шакллантириш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, ўқув стажировкаларини чет элларда ўтказишни назарда тутган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотлар, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси жорий этилишини назарда тутиш.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;
Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисобот берадилар;
Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади;
вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларининг ва Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасининг бошлиқлари тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг буйруғи билан лавозимга тайинланадилар ва ундан озод қилинадилар;
Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларининг ва Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасининг бошлиқлари ўз мақомига кўра тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарларига тенглаштириладилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари зиммасига ҳудудий бўлинмаларнинг, шу жумладан, туманлар (шаҳарлар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимларининг қуйидаги масалаларда самарали ҳамкорлик қилишларини таъминлаш учун масъулият юклансин:
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва муҳандислик коммуникациялари объектларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланишни ташкил этиш;
кўп хонадонли арзон уйлар, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича дастурларни амалга ошириш.
5. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
кўп хонадонли уй-жой фондини, унинг атроф ҳудудини сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда кўчмас мулк эгалари томонидан хоналарнинг ўзбошимчалик билан қайта режалаштирилишига йўл қўймасликни;
умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уй ичидаги муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши ҳамда уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари тизимли амалга оширилишини;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини;
кўп хонадонли уйларни мукаммал таъмирлаш учун жамланадиган кўчмас мулк эгаларининг маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.
6. Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига:
кўп хонадонли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг мавжуд қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ва кўчмас мулк эгаларига;
тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш бўйича – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар тақдим этиш ҳуқуқи берилсин.
Белгилаб қўйилсинки, тақдим этилган кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда Инспекция, қонун ҳужжатларига мувофиқ, қонунчиликда ўрнатилган тартибда тегишли мансабдор шахсларга жарима солиш ҳуқуқига эгадир.
7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва маъмурий жавобгарлик, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ваколатларидан келиб чиқувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг идоравий мансублиги қисми бўйича – Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ўзаро муносабатларига оид ваколатлари қисми бўйича – Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни тақдим этсин.
8. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси “Ўзкоммунхизмат” агентлиги “Коммунхизмат” агентлиги этиб қайта ташкил қилинсин ва у Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилмасига киритилсин ҳамда унинг зиммасига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида халқаро молия ташкилотлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари юклансин;
“Ўзкоммунхизмат” агентлиги объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси “Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этилсин ва унинг минтақалараро филиаллари тузилсин ҳамда у Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига бевосита бўйсундирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Адлия вазирлиги ҳамда тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасини тузиш, унинг маблағларини биринчи навбатда кўп хонадонли арзон уй-жой фондини, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлашга, махсус техника, ускуналар, машина ва механизмлар билан жиҳозлашга ҳамда вазирлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадларга йўналтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим Фармонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 18 апрель