...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент фармони: децентрализация — бошқарувни халққа яқинлаштиради


10:29, 09.09.2017 Жамият
 3 662

Ўзбекистон Республикаси Президенти Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлади.

Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
 
Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда ижро этувчи ҳокимият органлари деб юритилади) уйғун фаолиятини ташкил этишни талаб қилади.
 
Шу билан бирга, айрим ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг замонавий талабларга жавоб бермайдиган институционал асослари ва улар фаолиятининг принциплари ўтказилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳамда қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилмоқда.
 
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, хусусан:
 
биринчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини ташкил этиш асослари ҳудудларни ривожлантириш суръатларини пасайтирувчи, жойларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминламаяпти;
 
иккинчидан, айрим ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив хусусиятга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;
 
учинчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг амалдаги тизими қабул қилинаётган қарорларнинг ижросига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминламаяпти;
 
тўртинчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини баҳолаш механизмлари фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистик маълумотларни жорий тўплашдан иборат бўлиб, бу кўпчилик ҳолларда жойлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини акс эттирмайди;
 
бешинчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари жавобгарлик соҳасининг аниқ чегараси, айниқса, жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг ички идоравий ва идоралараро ўзаро ҳамкорлигининг таъсирчан механизмлари мавжуд эмас;
 
олтинчидан, давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлашганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келмоқда;
 
еттинчидан, бошқарув жараёнига ишларни режалаштириш ва ташкил этишнинг замонавий инновацион услубларини, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш ва унинг жараёнини тезкор кузатиб бориш имконини бермайди, шунингдек, давлат бошқарувида ортиқча бюрократлаштириш ва юқори сарф-харажатларга сабаб бўлмоқда;
 
саккизинчидан, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функциялари қўшиб олиб борилиши, етарли даражада мослашувчанликка ва бозорга йўналтирилганликка эга бўлмаган эскирган тармоқ бошқарув тизими, индивидуал имтиёз, преференция ва афзалликларнинг асоссиз тақдим этилиши соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда;
 
тўққизинчидан, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ривожланмаганлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини чекламоқда ва оқибатда бюджет харажатларининг камайишини таъминламаяпти;
 
ўнинчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда;
 
ўн биринчидан, айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббускорликнинг мавжуд эмаслиги ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни ва мақсадли кўрсатмаларни ўз вақтида ҳамда сифатли ҳал этишга салбий таъсир қилмоқда.
 
Кўрсатиб ўтилган тизимли муаммоларни бартараф этиш, инновацион ривожланишнинг замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси 1-иловага мувофиқ;
 
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
2. Қуйидагилар давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:
 
а) қуйидагиларни назарда тутувчи ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш:
 
ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш;
 
ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини оптималлаштириш;
 
ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарларининг бириктирилган соҳада давлат сиёсати амалга оширилишида мустақиллигини ошириш;
 
“Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш;
 
давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш;
 
маъмурий адлия тизимини ривожлантириш;
 
б) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштириш, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомиллаштириш;
 
ижро этувчи ҳокимият органларининг аниқ вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни ва жавобгарлик соҳаларини белгилаш, ишониб топширилган тузилма фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш;
 
давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларини шакллантиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббускорлигини ошириш ҳамда ролини кучайтириш;
 
мақсадли индикаторларга эришишга ва стратегик ривожланиш дастурларини амалга ошириш самарадорлигига асосланган барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини, шу жумладан, вакиллик ҳокимияти органлари томонидан улар ҳисоботларини эшитиш йўли билан баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий этиш;
 
“ақлли тартибга солиш” моделларини ва қабул қилинаётган қарорларнинг тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишнинг стандартлаштирилган услубиётини жорий этиш;
 
айрим давлат функцияларини жамоатчилик назорати субъектларига ўтказиш йўли билан тартибга солиш воситаларини такомиллаштириш;
 
ишни ташкил этишнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилган замонавий услубларини (сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг) жорий этиш;
 
ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнида жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шакл ва механизмларидан кенг фойдаланиш;
 
в) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш:
 
энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда (саноат, транспорт, энергетика ва бошқалар) соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувини бартараф этишга қаратган ҳолда бошқарув тизимини такомиллаштириш;
 
иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш;
 
ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш;
 
айрим давлат функцияларининг лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этган ҳолда уларни хусусий секторга ўтказиш;
 
г) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш:
 
давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш;
 
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш;
 
маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш;
 
ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ва фаолият самарадорлигини ошириш;
 
д) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш:
 
стратегик режалаштириш тизимини ташкил этиш ҳамда давлат бошқарувининг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан кенг фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш;
 
илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш соҳасини, шу жумладан, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унга инвестицияларни кенг жалб этиш;
 
илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг замонавий ютуқларини жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш;
 
табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш;
 
е) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш:
 
давлат хизмати, давлат бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг махсус таълим йўналишларини ташкил этиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
 
давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг муносиб шароитларини яратиш;
 
ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш;
 
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш.
 
3. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) 3-иловага мувофиқ таркибда;
 
Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан танқидий ўрганиш ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда ишчи гуруҳлар деб юритилади) 4-иловага мувофиқ таркибларда ташкил этилсин.
 
4. Комиссия (А.Н.Арипов):
 
бир ҳафта муддатда Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан танқидий ўрганиш ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш жадвалини тасдиқласин;
 
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминласин;
 
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар вакиллари ва хорижий экспертларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, “давра суҳбатлари” ва пресс-конференциялар ташкил қилсин;
 
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
 
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ҳамда сифатли тайёрланиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг олиб борилишини таъминласин;
 
ҳар ойда Комиссияга мониторинг натижалари тўғрисида ахборот киритсин.
 
6. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.
 
7. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги зарурат бўлганда, хорижий (халқаро) ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда давлат бошқаруви соҳасида илғор хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишни ташкил этишда Комиссияга, ишчи гуруҳларга кўмаклашсин.
 
8. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони хизматлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, шунингдек, ишчи гуруҳлар раҳбарлари мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.
 
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари У.С.Исмоилов, О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
 Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент, 8 сентябрь

Теглар:Президент фармони Маъмурий ислоҳатлар концепцияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар