ДТМ 2000 йилда сотиб олинган ускуналардан фойдаланиб келаётгани айтилмоқда.
Ушбу қарорда Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқиш тақозо этилаётгани қайд этилган.
Бугунги кунда тест синовлари натижалари 2000 йилда харид қилинган 4 та оптик сканер орқали чиқарилиши, тест материалларини чоп этишга мўлжалланган офис техникаси (принтер ва компьютерлар) маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскириб кетганлиги оқибатида тест синовлари натижалари қарийб 15–20 кунга чўзилиб эълон қилиниши бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги таъкидланган.
Бундан ташқари 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш тартиби ўрнатилган.
Кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш вазифаси юкланди.