Азим Аҳмедхўжаев Собиқ иттифоқ даврида Марказқўмнинг мафкуравий котибаси Раъно Абдуллаеванинг набираси бўлган.
“Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожи барча соҳаларнинг жадал тараққиётига хизмат қилади, одамларга қулайлик яратади. Йил бошида ушбу муҳим соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган кўплаб вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмади. Тармоққа инвестиция жалб этиш, хизматлар ва тайёр дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш аҳволи бизни умуман қониқтирмайди.
Шунинг учун вазирликнинг раҳбариятини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Янги вазир ва унинг ўринбосарлари бундан тегишли хулоса қилиб, ўз ишларини мутлақо бошқача тарзда ташкил этишлари лозим. Мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, жалб этилаётган инвестициялар ва экспорт ҳажмини кескин кўпайтириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш керак”, деган давлат раҳбари.
Собиқ иттифоқ даврида Марказқўмнинг мафкуравий котибаси Раъно Абдуллаеванинг набираси бўлган Азим Аҳмедхўжаев Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида бор-йўғи 6 ой ишлади, холос. У 2018 йилнинг февраль ойида мазкур лавозимда иш бошлаб, 9 август куни курсисини Шуҳрат Содиқовга топширган эди.