...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мадриддан кубокни ким олиб кетади ёхуд ЕЧЛнинг бу йилги фаворитлари (2-қисм)


20:53, 19.09.2018 Таҳлил
 2 416

ЕЧЛнинг бу йилги фаворитлари қайси жамоалар?

Кеча, 18 сентябрь куни 2018-2019 йилги ЕЧЛнинг фаворитлари ҳисобланган “Реал Мадрид”, “Барселона”, ПСЖ ва “Ливерпул”нинг ғолиб бўлиш имкониятларини кўриб чиққан эдик. Энди эса “Ювентус”, “Бавария” ва Манчестер шаҳрининг ҳар иккала жамоалари имконияти ҳақида фикр юритамиз.
 
“Ювентус”
 
Спорт ишқибозлари ва мутахассислари томонидан “Ювентус”нинг бу йилги имкониятлари анча юқори баҳоланмоқда. Бежизга, “Ювентус”нинг ЕЧЛда ғолиб бўлиш коэффициенти юқори баҳоланаётгани йўқ. Аввало, бу жамоанинг ёзги трансфер ишлари билан боғлиқ. Ёзда жамоага сайёрамизнинг суперюлдузи Криштиану Роналду таклиф этилди. Бу омил нафақат жамоанинг ҳужум чизиғини янада кучайтирди, балки жамоага янгича чемпионлик руҳини ҳам тақдим этди.
 
Эндиликда жамоа ҳар қандай мусобақада ўз олдига фақатгина ғолиб бўлиш вазифасини қўйиши табиий. Роналдунинг барча жамоаларга эркин мослашиб кетишини, ҳатто унинг 2016 йилда Португалия билан ҳам Европа чемпионатида ғолиб бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, 23 йиллик танаффусдан сўнг “Юве” яна Европа тахтига чиқиши мумкин. Ёзда “Милан”дан қайтган Леонардо Бонуччи ҳамда  “Ливерпул”дан “текин”га келган Эмре Жанлар ҳам жамоанинг ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиқларини сезиларли кучайтирдилар. Аллегри жамоаси эндиликда “Ювентус қотили” Роналду билан тўқнаш келмаслиги инобатга олинса, жамоа мухлислари ундан чемпионликни кутишлари мумкин.
 
“Бавария”
 
Беш марта чемпионликни қўлга киритган Мюнхен жамоасининг олтинчи чемпионлик учун имкониятлари қандай? 2012-2013 йилги мавсумда Европада барчани тиз чўктирган жамоа ҳозирда авлодлар алмашинуви жараёнида. Тўғри, клубда ўша мавсумнинг суперқаҳрамонлари Рибери ва Роббенлар ҳали ҳам мавжуд. Лекин орадан беш йил вақт ўтди. Бу орада бу футболчилар бир неча маротаба оғир жароҳатлар қабул қилиб олишга мажбур бўлганларидан ташқари,  камига ҳозирда улар мос равишда 35 ёш ва 34 ёшни ҳам қоралаб қўйдилар.
 
Толиссо ҳамда Команда ҳали ЧЛда ғолиб бўлиш тажрибаси йўқ. Шунингдек, клуб ўрта чизиғи ҳам Алонсо-Видал давридан кейин янгиича кўриниш олган. 
 
Агарда янги мураббий Нико Ковач жамоада тажриба ва иқтидор уйғулигини ярата олса, “Бавария” ғолиблик учун кураша олиши мумкин. Ҳар ҳолда клуб мусобақада муваффақиятли иштирок этиш борасида беқиёс тажрибага эга.
 
“Манчестер Сити”
 
Афсонавий Пеп Гвардиола жамоага келганидан сўнг клуб ҳақиқий топ жамоага айлана олди. Ўтган мавсум Англия чемпионатида “шаҳарликлар”нинг ёнига яқинлашадиган жамоа топилмади. Клуб чемпионат рекордини ўрнатган ҳолда очколари сонини 100 талик довондан ўтказиб қўйди. ЕЧЛда эса клуб “Ливерпул” тўсиғидан ўта олмади. Бундан Гвардиола тегишли хулоса чиқаргани аниқ. Агар Пеп ҳам худди Зидан каби ротацияли футбол кўрсата олса, амалдаги Англия чемпиони ҳам Чемпионлар Лигасида, ҳам Премьер-Лигада ғолиб чиқиши мумкин. Чунки жамоанинг захира таркиби ҳам асосий таркибдан қолишмайди.
 
Лекин миллий чемпионатда “Челси” ва “Ливерпул” жамоаларининг даҳшатли старт олганлари ва ишончли ўйин намойиш этаётганлари миллий чемпионатда “Сити”нинг ишларини бироз қийинлаштириб юбориши мумкин. Шундай экан, клуб бу йил асосий эътиборни ЕЧЛга қаратиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
 
“Манчестер Юнайтед”
 
“Манчестер Юнайтед” жамоасини ушбу рўйхатга саккизинчи жамоа сифатида қўшиш мумкин. Юқоридаги жамоалар билан солиштирганда жамоанинг ғолиб бўлиш имкониятлари пастроқ. “Фергуссон даври” дан кейин ҳали порламаган жамоа бу йилги АПЛ баҳсларини ҳам катта йўқотишлар билан бошлади. Бош мураббий Жозе Моуринью ёзда ўзи истаган футболчиларни жамоага олиб келолмади. Айниқса, жамоанинг орқа чизиғини кучайтириш учун бирорта ҳам марказий ҳимоячи харид қилинмади. Бу эса жамоанинг иккита фронтда “жанг қилиш” имкониятларини чеклаши мумкин.
 
Бундан ташқари, жамоадаги франциялик футболчилар: Погба ва Марсиялнинг португалиялик мураббий билан муносабатлари ижобий руҳда эмас. Бу эса, ўз навбатида, жамоадаги муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.
 
Камига жамоа гуруҳ босқичида ноқулай рақибларга қарши баҳс олиб боради. “Ювентус”ни гуруҳда фаворит деб олсак, катта эҳтимол билан “қизил иблислар” ва “Валенсия” гуруҳда иккинчи бўлиш учун курашадилар. Испанларнинг эса манчестерликлар учун ноқулай рақиб эканлигини унутмаслик лозим.
 
Клуб мухлислари ЕЧЛда ғолиб бўлиш учун фақатгина Моуриньюнинг беқиёс тажрибасига ҳамда унинг прагматик ўйин услубига умид боғлашлари мумкин.
Дилмуроджон Раҳимов

Теглар:Европа Чемпионлар Лигаси Ювентус Бавария Манчестер Сити Манчестер Юнайтед 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!