Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб янги намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилади.
Қарор билан қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш ва муҳтож оилаларни арзон уй-жой билан таъминлашнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб қуйидаги янги намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилади:
- “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, шунингдек муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланмаган ҳудудларда 0,02 га ўлчамли ер участкаларида бир қаватли 3 хонали арзон уйлар;
- “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, шунингдек муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланган ҳудудларда тўрт қаватли (2 ва 3 хонали) арзон уйлар;
- шаҳарларда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун беш қаватли (2 ва 3 хонали) арзон уйлар.
Қарор билан 2019-2020 йилларда қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун арзон уй-жойлар қурилиши бўйича, шунингдек арзон уй-жой массивларида ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ва транспорт коммуникациялари қурилиши бўйича йиғма кўрсаткичлар тасдиқланди.
Ушбу кўрсаткичларга кўра, 2019 йилда жами 15 минг 10 та арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилиши режалаштирилган. Уларнинг 11 минг 70 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун мўлжалланган. Шунингдек, 2019 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари (Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ички ишлар органлари ходимлари) учун жами 2 минг 10 та квартиралар қурилади.
2019 йил 1 июлгача арзон уй-жойлар қурилиши мониторинги бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Эндиликда муҳандислик-транспорт коммуникацияларига уланмаган, узлуксиз электр ва сув таъминоти йўлга қўйилмаган арзон уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмайди.
Тижорат банклари уй-жой қурувчиларга 2 йиллик имтиёзли давр ҳамда 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида:
- қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойларни сотиб олиш учун – 20 йил муддатга ва бошланғич бадали 10 фоиз миқдорида;
- фуқароларнинг алоҳида тоифалари томонидан арзон кўп квартирали уйларни сотиб олиш учун – 15 йил муддатга ва бошланғич бадали 25 фоиз миқдорида ипотека кредитлари тақдим этади.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ ҳар йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари, қутқарувчилари ва ходимлари учун – 56 та, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун – 300 та, ички ишлар органлари ходимлари учун – 168 та, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун – 420 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун – 66 та квартиралар ажратилади.