...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент адашганларга оид янги фармонни имзолади


22:15, 19.09.2018 Жамият
 3 740

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 сентябрь куни “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган ўзбекистон республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Қуйида ушбу фармон матни билан танишишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
 
Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлашга, шунингдек, ёшларни террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсиридан самарали ҳимоя қилишга қаратилган жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Бунинг натижасида биргина 2017 йилда 18 мингдан зиёд содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг 10 мингдан зиёдига иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди.
 
Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида, шунингдек, инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда:
 
1. Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
 
2. 2018 йил 1 ноябрдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
 
террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар (кейинги ўринларда – тақиқланган ташкилотлар) таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади;
 
Комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
 
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳолларда, ушбу Фармонга мувофиқ, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин:
 
айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
 
жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
 
тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
 
тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
 
жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
 
террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
 
террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
 
халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
 
террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
 
4. Комиссияга (Муродов О.) қуйидаги ваколатлар юклансин:
 
тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;
 
мурожаат этган фуқароларнинг шахсини, шу жумладан, уларнинг содир этилган жиноятларга дахлдорлигини ҳар томонлама текшириш орқали ўрганиш;
 
мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган хулосаларни дастлабки тергов органларига ўрнатилган тартибда тақдим этиш;
 
содир этган қилмишига пушаймон бўлган ва айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиб мурожаат этган фуқароларга нисбатан тақиқланган ташкилотлар аъзолари томонидан салбий таъсир этилишининг олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўриш учун ваколатли органларга топшириқлар юбориш;
 
жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида, шу жумладан, бандлигини таъминлаш борасида кўмаклашиш ва мониторингини олиб бориш;
 
жиноий жавобгарликдан озод этилган шахслар билан профилактик-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотларга топшириқлар юбориш.
 
5. Белгилансинки:
 
ушбу Фармон фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун асос ҳисобланади;
 
тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг қилмишига пушаймонлиги ҳамда айбини бўйнига олиши тўғрисидаги аризаси хорижда уларнинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилади;
 
ушбу Фармон билан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ жиноятни қайта содир этган шахснинг такрорий мурожаати кўриб чиқилмайди;
 
Комиссия томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарор барча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир;
 
Комиссиянинг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Олий суд билан биргаликда бир ой муддатда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва жиноий жавобгарликдан озод этиш механизмларини назарда тутувчи Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
 
7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ушбу Фармон мазмун-моҳиятини, шунингдек, унинг ижроси бўйича амалга оширилган ишларни мунтазам равишда аҳоли ўртасида кенг ёритиб борилишини таъминласин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 6 сентябрдаги “Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида”ги ПФ–2712-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
 
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                            
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 сентябрь

Теглар:Президент фармони 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар